07:41 / 18.08.2018
20065

Қатор бўлимлар Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари бўйсунувига ўтказилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги фармонни имзолади

Ҳужжат билан қуйидагилар тегишлича Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари бўйсунувига ҳамда Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари девонлари тузилмасига ўтказилди:

Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва комплекс ривожлантириш бош бошқармаси ҳамда туманларнинг иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимлари;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги молия бош бошқармаси ва туман ҳокимликларининг молия бўлимлари;

Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси ва туманлар қурилиш бўлимлари;

Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси ва туманлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлимлари;

Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг Тошкент шаҳри бўйича ҳудудий бошқармаси ва инвестициялар бўйича туман бўлимлари.

Тошкент шаҳрида давлат бошқаруви органлари ишини ташкил этишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:

а) республика давлат бошқаруви органлари:

тегишли соҳаларда ягона давлат сиёсатини;

давлат бошқаруви ҳудудий органлари фаолиятини услубий таъминлаш ва мувофиқлаштиришни;

тегишли тузилмаларни малакали кадрлар билан таъминлашга қаратилган ягона кадрлар сиёсатини амалга оширади;

б) Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари Тошкент шаҳри ва туманлардаги ҳудудий давлат бошқаруви органлари фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, уларга юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини ташкил этади;

в) Тошкент шаҳридаги ҳудудий давлат бошқаруви органлари Тошкент шаҳар ҳокимига бўйсунади ва ўз фаолияти тўғрисида тегишли республика давлат бошқаруви органига ҳисобот беради;

г) Тошкент шаҳри туманларидаги ҳудудий давлат бошқаруви органлари туман ҳокимига бўйсунади ва ўз фаолияти тўғрисида Тошкент шаҳридаги тегишли ҳудудий давлат бошқаруви органига ҳисобот беради.

Top