23:19 / 20.08.2018
22115

Ялқовлик бўйича 6 йиллик рекорд янгиланди

Фото: РИА Новости / Варвара Гертье

Черногорияда ялқовлик бўйича 6 та мусобақа иштирокчилари аввалги йилларнинг рекордини янгилаб, мукофотни тенг бўлишиб олишди. Ҳеч нарса қилмай ётиш бўйича аввалги рекорд 47 соатни ташкил қилган. 

Мусобақалар 2012 йилдан бери ўтказиб келинади. Мусобақалар қоидалари оддий: иштирокчилар бир вақтда чойшаб устига ётиб, ўрниларидан турмаган ҳолда иложи борича кўпроқ ётишлари керак. Уларга ейиш, ичиш ва суҳбатлашишга рухсат берилади.

Мусобақада 15 нафар черногориялик ва 3 нафар сербиялик иштирок этган, бироқ ғолиблар фақат черногорияликлар бўлган.

Никшич шаҳрида яшовчи Милош Радулович ва Анжела Дендич, подгорицалик Милка Додерович ва тиваталик Дияна Лабович 49 соат ялқовликдан кейин йилнинг энг катта ялқови унвонини ўзаро бўлишиб олишга қарор қилишган. Ўртага унвондан ташқари 400 евро миқдоридаги мукофот пули ҳам тикилганди.

“Биз рекордни янгилаганимиз сабабли, бирга ўрнимиздан туришга ва мукофотни бўлишиб олишга қарор қилдик. Мен спорт клуби аъзосиман ва 50 км лик масофага югураман. Бироқ менга 50 кмга югуришдан, 50 соат ётиш қийинроқ бўлди. Чунки югураётганингда тўхташинг мумкин, ётганингда эса йўқ”, деб айтган ғолиблардан бири Милка Додерович.

Собиқ Югославия сарҳадларида черногорияликлар ишлашни унча хуш кўрмайдиган миллат репутациясига эга. Черногориянинг ўзида бунга унча ҳам қарши чиқишмайди ва “Черногорияликнинг 10 қоидаси” деб номланувчи сувенирлар сотишади. Унда черногорияликлар турмуш тарзи қоидалари ҳазиломуз шаклда санаб ўтилган. Улардан биринчиси ва асосийси “Одам чарчаган ҳолда туғилиб, дам олиш учун яшайди” деб янграйди.

Top