Жаҳон | 09:49 / 20.08.2018
12223
2 дақиқада ўқилади

Емирилишга энг бардошли материал яратилди

Фото: РИА Новости

Сандия миллий лабораторияси (АҚШ) олимлари инсоният томонидан яратилган энг бардошли материал деб эътироф этилаётган янги қотишма олишди. 

Олимлар бу қотишмани сайёрамизда энг кам учровчи металлар – олтин ва платинадан олишган. Қотишма 90 фоиз платина ва 10 фоиз олтиндан иборат бўлиб, у қизишга ўзига хос таъсир қилади, бу эса унга ишқаланишда узоқ вақт деформацияланмасликка имкон беради. Олимларнинг айтишича, янги материал шунчалик мустаҳкамки, ундан тайёрланган автомобил шиналарида узунлиги 40075 кмни ташкил қилувчи Ер экваторини 500 марта айланиб чиқиш мумкин.

Олимлар қотишманинг ноёб хусусиятларини исботлаш учун уни атом даражасида тадқиқ қилишган. Уларнинг айтишича, синовлар вақтида янги қотишма ўз сиртида қора плёнка ҳосил қилиши аниқланган. Бу плёнка олмоссимон углерод бўлиб чиққан. Олимлар ушбу материалнинг бу хусусиятини унинг энг қимматли хусусияти деб ҳисобламоқдалар. Бир вақтда ҳам графит каби силлиқ, ҳам олмос каби қаттиқ бўлган бу қоплама жудла самарали мойловчи ҳисобланади.

Олимларнинг таъкидлашича, бу материални турли электрон қурилмаларда қўллаш мумкин. Агар бу қотишманинг юпқа қатлами билан ҳаракатчан қисмлар (мисол учун, смартфонларнинг) қоплаб чиқилса, унда қурилманинг хизмат муддати бир неча марта ошади. Олимларнинг баҳолашича, бу электрон саноатга йилига 100 млн долларгача маблағ тежаш имконини беради.

 

Мавзуга оид