Жаҳон | 10:56 / 01.12.2025
5481
4 дақиқада ўқилади

The Telegraph: Россия Украинадаги урушни Африка олтини орқали қўллаб-қувватламоқда

The Telegraph газетаси ёзишича, Россия компаниялари Африкада тобора кўпроқ олтин конларини ўзлаштирмоқда, қатор конлар эса РФ билан боғлиқ ёлланма жангчилар назоратида. Олтин Россиянинг Украинага қарши урушини молиялаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Фото: Alexsey Druginyn/AFP

The Telegraph газетаси ўз сайтида якшанба, 30 ноябр куни ёзишича, сўнгги йилларда Россия Африкадаги олтин савдосида тобора фаоллашмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, олтин, криптовалюталар билан бирга, Россия иқтисодиётини Украинадаги уруш даврида қўллаб-қувватлаш манбаларидан бири ҳисобланади.

Ғарб санкциялари, жумладан йирик рус нефт компанияларига қарши қаратилган чекловлар шароитида, олтин Россия учун Украинадаги урушни молиялаштиришнинг муҳим манбаи бўлиб қолмоқда, деб таъкидлайди The Telegraph. «Олтинни жисмонан ташиш осон <…>, уни қайта эритиш осон, келиб чиқиш манбасини яшириш осон ва яхши йўлга қўйилган қора бозорларда уни “ювиш” ҳам осон», — дея тушунтирди мақола муаллифлари.

Нашр журналистлари, шунингдек, 2025 йил бошидаги «Илғор мудофаа тадқиқотлари маркази» (Center for Advanced Defense Studies) хулосаларига ҳам таянади. Ўшанда тадқиқотчилар Москва Эронга ҳарбий дронлар ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратишга кўрсатган ёрдами учун олтин қуймаларида тўлов қилганини маълум қилган эди. Бундан ташқари, хабар қилинишича, Россия Шимолий Кореядан харид қилинган қурол учун ҳам олтинда ҳисоб-китоб қилган.

DW билан суҳбатда «Трансперенси Интернешнл – Россия» (ТИ-Россия) ташкилотининг Dirty Money йўналиши раҳбари Владислав Нетяевнинг айтишича, эҳтимол, Россия ҳақиқатдан ҳам икки хил қўлланиши мумкин бўлган товарлар (dual-use) ва ҳарбий соҳадаги маҳсулотлар учун олтин билан тўлов қилмоқда, «айниқса, агар гап Шимолий Корея билан операциялар ҳақида бораётган бўлса». «Худди шу модел криптовалюталар орқали бундай етказиб беришлар учун ҳисоб-китоб қилишда ҳам қўлланяпти, — дея давом этди эксперт. — The Telegraph, шунингдек, жаҳон олтин нархларининг кескин ўсишини асосли равишда қайд этди: бундай шароит Россияни олтиндан халқаро ҳисоб-китобларда ҳам, бошқа иқтисодий фаолиятларда ҳам кўпроқ фойдаланишга ундаши мумкин».

Шу билан бирга, Нетяев таъкидлашича, 2022 йил бошидан буён Африкадан Россияга экспорт қилинган олтин қиймати 2,5 миллиард доллар деб баҳоланмоқда, бу ЕИда музлатилган рус активларининг тахминан 1 фоизи миқдорига тўғри келади: «Аёнки, бундай ҳажмлар урушни молиялаштириш учун сезиларли манба бўла олмайди».

Нашр маълумотларига кўра, Марказий Африка Республикаси (МАР)даги бир қатор олтин конларини ҳозирда Россия билан боғлиқ, «Вагнер» ХҲКнинг «меросхўрлари»га айланган тузилмалар назорат қилмоқда. Олтин сотуви устидан назоратни сақлаб қолиш мақсадида бу ёлланма жангчилар қотилликларга қўл ураётгани ҳақида ҳам даъволар борлигини The Telegraph уларга қаратилган айбловларни келтирган ҳолда ёзади.

Ушбу айбловлардан бирига кўра, икки ой муқаддам россияликлар мамлакат марказида жойлашган Ндассима кони ёнида 10 нафар маҳаллий олтин қазувчини ўлдирган. Журналистлар таяниб кўрсатган маҳаллий ОАВ хабарига қараганда, бу воқеадан икки ҳафта ўтгач, рус ёлланма жангчилари яна 10 нафар олтин қазувчини қўлга олиб, уларни бир неча кун давомида қуёшда қизиб кетган металл контейнерларга қамаб қўйган. Мақолада таъкидланишича, ушбу шахслардан камида бири ҳалок бўлган. Ндассима конидаги олтин захираларининг қиймати 1 миллиард долларга баҳоланади. «Вагнер» ХҲК ушбу кон устидан назоратни 2021 йили қўлга киритгани айтилмоқда.

Шу орада, Россиянинг Nordgold компанияси жорий йилда Буркина-Фасодаги Курвеого провинциясида жойлашган Ниу конксоида олтин қазиб олиш учун лицензия олди. The Telegraph маълумотларига кўра, бу Африканинг ушбу мамлакатида Россия компанияси томонидан ўзлаштирилаётган учинчи олтин конидир.

Малида эса ҳарбий хунта жорий йил ёзида Қозон шаҳридаги «ЯДРАН-ГРУПП» МЧЖ билан ҳамкорликда олтин тозалаш заводи қурилишини бошлади. Қуввати 200 тонна бўладиган ушбу корхона бутун минтақадаги олтинни қайта ишлаш марказига айланиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид