Жаҳон | 21:20 / 26.08.2018
21036
1 дақиқада ўқилади

Европанинг энг баланд тоғида 31 йил аввал йўқолган аёл жасади топилди

Фото: AFP

Россиянинг Карачаево-Черкесия Республикасида Европанинг энг баланд тоғи Эльбрусдан 31 йил аввал тоғга кўтарилиш вақтида ҳалок бўлгани тахмин қилинаётган аёл альпинист жасади эвакуация қилинди.     

Аёлнинг жасадини 4 минг метр баландликда сайёҳлар гуруҳи аниқлаган. Улар бу ҳақда қутқарувчиларга хабар қилишган. Аёлнинг шахси ўрнатилган, унинг ёнидан 1951 йилда туғилган Елена Базикина номига паспорт ва 1987 йил 10 апрел билан саналанган Москва- Минеральные воды самолётига чипта топилган. 

Қутқарувчиларнинг маълум қилишича, 1987 йилда жасад топилган ҳудудда қор кўчкиси оқибатида 7 кишидан иборат альпинистлар гуруҳи ҳалокатга учраган. Ўшанда уларни қутқариш ишлари муваффақиятсизлик билан якунланганди. 

Эльбрус Россия ва Европанинг энг баланд чўққиси ҳисобланиб, денгиз сатҳидан 5642 метр баландликда жойлашган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид