Ўзбекистон | 14:35 / 26.08.2018
7201
2 дақиқада ўқилади

Франция Ўзбекистонга космик соҳани ривожлантиришга ёрдам беради

Фото: Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси

Олий Мажлис Сенат раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Францияга ташрифи давомида Thales Alenia Space компанияси вице-президенти Э.Имберт билан учрашди. Музокаралар давомида Ўзбекистонда космик соҳасини ривожлантиришда ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. 

Ўзбекистон делегацияси вакиллари Thales Alenia Space компаниясининг космик сунъий йўлдошларини йиғиш бўйича ишлаб чиқариш объектларида бўлишди. 

Франция компанияси маҳаллий космик илм-фанини ривожлантириш шарт-шароитларини яратиш ва мамлакатни инновацион ривожлантиришда унинг ютуқларидан кенг фойдаланиш ҳамда бу соҳадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга доир амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. 

Томонлар комплекс космик тизимларга оид лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, шу жумладан Ўзбекистон ҳудудида маҳаллий мутахассисларни ўқитиш учун технологик база фаолиятини ташкил қилишдан манфаатдор эканликларини билдиришди.

Thales Group – Франциянинг аэронавтика, космос, мудофаа, сунъий йўлдош технологиялари ва ҳаво ҳаракатини бошқариш секторларидаги етакчи халқаро саноат компанияларидан бири. Дунёнинг 56 мамлакатида компания фаолияти йўлга қўйилган. Ходимларнинг умумий сони - 64 минг кишидан зиёд. Ўртача йиллик айланма 16 миллиард еврога яқин. Thales Group Ўзбекистонда ўз ваколатхонасига эга.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид