21:00 / 26.08.2018
23147

Осиё ўйинлари. Саккизинчи кунда жами 6 медал

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларининг 26 август кунидан ўрин олган мусобақаларида ўзбекистонлик 18 нафар спортчи яккалик ва жамоа ҳолда 7 спорт тури бўйича баҳс олиб боришди.

Бугунги баҳсларда Ўзбекистон делегацияси 1 олтин, 1 кумуш ва 4 бронза, жами 6та медал қўлга киритди. 

Каратэ
Ўзбекистон каратэ жамоасининг -60 кг вазн тоифасидаги вакили Садриддин Сайматов Осиё ўйинлари бронза медали совриндорига айланди.

Фото: Kun.uz

-67 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган каратэчи Иқболжон Узоқов нимчорак финалда Саудия Арабистони вакили Фаҳад Алхатамига 1:4 ҳисобида ютқазиб қўйди ва турнирдаги иштирокини якунлади.

Мусобақаларда -61 кг вазн тоифасида иштирок этган Барно Мирзаева ҳам бронза медал билан тақдирланди.

Жиу-житсу
Ўзбекистонлик жиу-житсулар бу сафар ҳам медал олишолмади.

-77 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Мирали Шарипов 1/16 финалда қозоғистонлик Олжас Нуртакановни 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва нимчорак финалга йўл олди. Аммо кейинги босқичда у қирғизистонлик Нурсултан Алимкуловга 0:16 ҳисобида мағлуб бўлди ва мусобақадаги иштирокини якунлади.

Шу вазн тоифасидаги Улуғбек Отамуродов илк жангида мўғулистонлик Еркбаяр Баткуянгга 2:4 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Бокс

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Ўзбекистонлик боксчилар ишончли ҳаракат қилишда давом этишмоқда. Бугунги баҳсларда рингга чиққан 3 боксчи ҳам кейинги босқичга йўл олди.

Ўзбекистон бокс терма жамоасининг -52 кг вазн тоифасидаги вакили Жасур Латипов нимчорак финалда хитойлик Жиангуа Хуни 3:2 ҳисобида мағлуб этди ва чорак финалга чиқди.

Бокс терма жамоасининг -60 кг вазн тоифасидаги вакили Шунқор Абдурасулов эса нимчорак финалда филиппинлик Жеймс Палистени 5:0 ҳисобида енгиб, кейинги босқичга ўтди.

-69 кг вазн тоифасидаги Бобоусмон Батуров эса хитойлик Маимаититу Кёнг билан жанг қилди ва 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. У ҳам чорак финалда.

Гольф
Ўзбекистон гольф жамоаси 20 жамоа ичида 19-ўринни эгаллади.

Яккалик баҳсларида ҳам Ўзбекистон вакиллари қуйи поғоналарни банд этишди: Канатбек Курбаналиев (69), Евгений Ли (72), Тен Роман (74) ва Сергей Чен (81).

Пенчак силат
Пенчак силат бўйича -65 кг вазн тоифасида иштирок этган Абдумалик Салимов ярим финалда индонезиялик Пратама Иқбол Сандрага 0:5 ҳисобида ютқазди. 17 ёшли Салимов чорак финалда эронлик Муҳаммад Раҳимбалани 3:0 ҳисобида мағлуб этганди. Ярим финалда ютқазган спортчи Ўзбекистон ҳисобига яна битта бронза медал келтирди.

Оғир атлетика
Ўзбекистон оғир атлетика жамоасининг бугунги баҳсларда иштирок этган икки вакили ҳам медал олди.

Дастлаб 75 кг вазн тоифасида қатнашган Омадой Отақўзиева 237 кг натижа қайд этиб (даст кўтаришда 101, силтаб кўтаришда эса 136), иккинчи ўринни эгаллади. 

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Ўзбекистон оғир атлетика жамоаси етакчиси, Рио олимпиадаси чемпиони Руслан Нуриддинов эса Осиё ўйинлари ғолибига айланди.

105 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этган Руслан Нуриддинов 421 кг (даст кўтаришда 191кг, силтаб кўтаришда 230 кг) натижа қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади ва Ўзбекистон делегацияси ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди. Руслан ўз натижаси билан Осиё ўйинлари рекордини ҳам янгилади.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Бу Ўзбекистоннинг Осиё ўйинлари тарихидаги оғир атлетика буйича илк олтин медалидир.

Енгил атлетика
Босқон улоқтириш бўйича баҳсларда Сухроб Хўжаев учинчи натижа қайд этиб, Ўзбекистон ҳисобига 11-бронза медали келтирди.

100 метрга югуриш баҳсларида иштирок этган Нигина Шарипова ярим финалда ўз гуруҳида биринчи бўлди ва финалда қатнашди. Аммо медаллар учун баҳсда у 11,45 с натижа билан еттинчи бўлди.

Яна бир енгил атлетикачи Елена Смолянова ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этди ва 15,74 м натижа кўрсатиб, бешинчи поғонадан жой эгаллади.

Осиё ўйинларининг саккизинчи кун баҳсларидан кейин Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 28тага етди - 6 олтин, 11 кумуш ва 11 бронза. Ўзбекистон ҳамон умумий рейтингда 10-ўринда қолмоқда.

Top