Фан-техника | 00:21 / 27.08.2018
63315
3 дақиқада ўқилади

Йилнинг энг яхши смартфонлари маълум қилинди   

Мутахассислар 2018 йилда ишлаб чиқарилган энг яхши смартфонлар рўйхатини тузишди. Бу ҳақда Business Insider портали маълум қилди

Фото: Antonio Villas-Boas/Business Insider

Мутахассисларнинг фикрича, энг яхши смартфонлардан бири Хитойда ишлаб чиқарилувчи OnePlus 6 бўлди. Унинг камераси, Qualcomm Snapdragon 845 процессори ва 6 Гб тезкор хотираси устун томонлари ҳисобланади. Мутахассислар гаджетнинг тез қувватланиш технологиясига эга аккумуляторини смартфоннинг яна бир устун жиҳати сифатида қайд қилишган. Қурилманинг яна бир “плюси” Android операцион тизимининг Oxygen OS версиясида ишлаши ҳисобланади.

Фото: Hollis Johnson/Business Insider

Мутахассислар шунингдек Samsung’нинг янги маҳсулоти – Galaxy Note 9’га эътибор қаратишган. Қурилма 6,4 дюймли OLED-дисплей, кучли аккумулятор ва яхши камерага эга. Смартфон 512 Гбгача катта ҳажмли ички хотира билан жиҳозланган. Бундан ташқари, қурилма тўпламига янгиланган S Pen стилуси киради.

Фото: Antonio Villas-Boas/Business Insider

Энг яхши смартфонлар бешталигидан Samsung’нинг яна бир флагман смартфони Galaxy S9 ўрин олган. Мутахассисларнинг фикрича, у мавжуд смартфонлар орасида энг чиройлиси ҳисобланади. Business Insider’нинг ёзишича, смартфон “барча функциялар ва жиҳозлар” билан таъминланган: катта ўлчамли OLED-дисплей, ажойиб камера, юрак ритми монитори, бармоқ излари сканери ва юзни таниш функцияси, тезкор қувватлаш қурилмаси ва симсиз аккумулятор.

Фото: Antonio Villas-Boas/Business Insider

Етакчилардан яна бири LG G7 Thinq бўлди. У iPhone’нинг Android-версиясини эслатиб юборади, бироқ бир неча юз доллар арзонроқ туради. Унинг устун жиҳатлари орасида 6,1 дюймли дисплейи, намдан ҳимоялангани, сифатли динамиклари, ультракенг объективли камераси, Qualcomm Snapdragon 845 процессори ва симсиз аккумулятори қайд қилиб ўтилган.

Фото: Antonio Villas-Boas/Business Insider

Мутахассислар рўйхатга киритилган қурилмалар орасида Motorola’нинг Moto G6 смартфонини энг арзон гаджет деб аташган. Улар қурилма 5,7 дюймли дисплей, кучли ва тезкор қувватлаш қурилмаси ҳамда сифатли камерага эгалигини қайд қилиб ўтишган.

Мавзуга оид