Жаҳон | 08:22 / 28.08.2018
25499
2 дақиқада ўқилади

АҚШ учун бош хавф Россия ҳам, Хитой ҳам эмас – америкалик ҳарбий

Фото: AFP

АҚШ қуролли кучларига Россия ҳам, Хитой ҳам эмас, балки ўз қўшинларини ҳаддан ташқари фаол қўллаши ва технологияларининг паст даражаси хавф солади. Бундай фикрни АҚШ армиясининг собиқ подполковниги Дэниэл Дэвис National Interest нашри учун мақоласида билдирган.

Дэвиснинг айтишича, айни вақтда АҚШ ўз хавфсизлигини оширишга етарлича эътибор қаратмаяпти, армиясини ҳаддан ташқари қўллаши ва ҳарбий имкониятларининг етарлича ривожланмагани Американинг дунёдаги ҳукмронлигига путур етказган.

Унинг айтишича, агар АҚШнинг душманларидан бири унга тегишли навигация ва разведка сунъий йўлдошларини йўқ қилиш учун космик қуроллардан фойдаланса, Вашингтон бу хавфга жавоб бера олмайди ва ўз ҳарбий салоҳиятининг катта қисмини бир ондаёқ йўқотади.
 
Дэвиснинг фикрича, АҚШ ўз ҳарбий кучини қўллашни ёки уни рақобатчилари ва душманларини барча талабларига рози бўлишга мажбурлаш учун қўллаш билан таҳдид қилишни тўхтатиши лозим. Чунки бу АҚШнинг эҳтимолий душманларини қарши курашиш бўйича тадқиқотларни кўпайтириш ва бу борадаги чораларни ишлаб чиқишга ундайди.
 
Дэвиснинг ёзишича, АҚШ майда уруш ва террорчиликка қарши кураш билан ўралашиб қолган. Бундан ташқари, АҚШ ўз армиясини бу мақсадларда қўллаши унинг ҳарбий техникасининг эскиришига ва “керак бўлмаган” ҳарбий операцияларни молиялаштириш учун триллион долларлаб қарзга ботишига олиб келган. Шунингдек, оддий аскарларнинг жанговар кўникмалари пасайган.

Собиқ ҳарбийнинг таъкидлашича, АҚШ ўз сиёсатини ўзгартириши, бутун дунё бўйлаб амалдаги ҳарбий операцияларини тугатиши ҳамда ўз армиясини эҳтиёт қилиши лозим. Жорий вазиятнинг сақланиб қолиши эса АҚШ армиясига путур етказаверади ва келгусида унинг мағлубиятига олиб келиши мумкин.

Мавзуга оид