Трампнинг Эрон билан уруши АҚШ иқтисодиётига юз миллиардлаб доллар зарар келтирмоқда: ёқилғи нархларининг кескин ўсиши, қарз олиш харажатларининг ошиши ва таъминот занжиридаги узилишлар америкаликлар фаровонлигига жиддий таъсир қила бошлади, деб ёзади Financial Times.
Трамп маъмуриятининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, урушнинг америкалик солиқ тўловчиларига тўғридан тўғри юки 25 миллиард долларга баҳоланганди. Бироқ иқтисодчилар тўлиқ ҳарбий ва кредитлаш харажатларининг ошишини ҳисобга олиб, умумий зарар бундан анча катта бўлишини прогноз қиляпти.
«Эълон қилинган бюджет харажатлари аслида айсбергнинг учи холос», дейди Ҳарвард университети профессори ва АҚШ ҳарбий можароларининг ҳисоб-китоби бўйича мутахассис Линда Билмс. «Бу дарҳол сезилавермайди — бир муддат ямоқлаб туриш мумкин. Лекин молиявий кўлам шунчалик каттаки, буни абадий яшириб бўлмайди».
Можаро Трампнинг рейтинги аллақачон рекорд даражадаги қуйи кўрсаткичга яқинлашиб қолган бир пайтда бошланди. Кўплаб америкаликлар кун сайин ошиб бораётган нарх-наво сабабли қийинчиликларга учраяпти.
Пентагоннинг 25 миллиард долларлик баҳолаши
Можаро давомида Пентагон қиммат ракеталар ва ҳаво мудофаа тизимларини йиллик захираларидан анча кўп ишлатди ва айнан шу омилни уруш харажатларининг 25 миллиард долларлик баҳосидаги асосий ҳаракатлантирувчи куч сифатида кўрсатяпти.
Мудофаа харажатлари инқироз бошланишидан анча олдин ҳам кескин ўсиб бориши кутилаётганди. Хусусан, Трамп жорий молиявий йил ва 2027 йил оралиғида харажатларни тахминан 50 фоизга ошириб, 1,5 триллион долларга етказиш режаларини эълон қилганди. Бу рақамларда урушнинг таъсири ҳисобга олинмаган. Пентагон Оқ уй орқали Конгрессга қўшимча сўров юборилишини режалаштирмоқда, бироқ миқдор ҳали аниқ белгиланмаган.

«Center for a New American Strategy»тадқиқотлари марказининг мудофаа бўйича мутахассиси Карлтон Хаэлиг келажак учун қўшимча сўровлар «жуда катта пул» эканини ва бу «иқтисодиётда занжирли салбий оқибатлар келтириб чиқаришини» таъкидлаяпти.
35 миллиард долларлик ёқилғи зарари
Урушдан олдин глобал нефт таъминотининг бешдан бир қисми Ҳўрмуз бўғози орқали ўтарди. Бўғоз ёпилиши АҚШда бензин нархини кескин ошириб, 1 галлон учун 4,55 долларга қимматлаштирди. Бу бу G7 мамлакатлари орасидаги энг юқори кўрсаткич. Шунингдек, саноат учун муҳим хомашё ҳисобланган дизел ёқилғи нархи ҳам ҳар галлон учун 5,66 долларгача кўтарилди ва тарихий рекорд 5,82 долларга яқинлашиб қолди.










