Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ билан меҳнат миграцияси бўйича янги келишувларга эришилди
Ўзбекистон делегацияси Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган Халқаро миграцияни кўриб чиқиш форуми доирасида АҚШнинг қатор таълим муассасалари, иш берувчилари ва юридик ташкилотлари билан меҳнат миграцияси соҳасида янги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди. Учрашувлар якунларига кўра тиббиёт, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кадрлар тайёрлаш ҳамда ишга жойлаштириш бўйича келишувларга эришилди.
Фото: Миграция агентлиги
Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси масъулларидан иборат делегация International Migration Review Forum доирасида халқаро ҳамкорлар билан қатор учрашувлар ўтказди.
Форум очилишида Антонио Гутерриш ва Эми Поуп глобал миграция сиёсати бўйича асосий йўналишлар ҳақида фикр билдирди.

Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев Ўзбекистонда миграция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, касбий ва тил тайёргарлиги тизими ҳамда халқаро ҳамкорлик натижалари ҳақида маълумот берди.
У ўз нутқида меҳнат миграцияси фақат иқтисодий зарурат эмас, балки инсон капиталига инвестиция сифатида баҳоланиши лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, Халқаро миграция ташкилоти бош директори ўринбосари Угочи Дэниелс билан хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш ва Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган халқаро миграция форуми ташкилий масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувлар доирасида АҚШнинг Logan University университети билан тиббиёт ходимларини АҚШ меҳнат бозори учун мақсадли тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ва инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Шунингдек, Missouri Trucking School вакиллари билан 160 соатлик махсус дастур орқали юк автомобили ҳайдовчиларини АҚШ стандартлари асосида тайёрлаш ва ишга жойлаштириш механизмлари муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида эса National Council of Agricultural Employers билан меҳнат форумлари ташкил этиш ва мавсумий иш дастурларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Head Honchos билан H-2A визаларини расмийлаштириш, ўзбекистонлик қишлоқ хўжалиги ходимларининг салоҳиятини АҚШда тарғиб қилиш ва 8–10 ҳафталик тайёрлов дастурларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.

Ballon Stoll юридик фирмаси билан эса O, H-2A, H-2B, H-1B ва E туридаги визалар орқали ишлаш имкониятлари ҳамда АҚШда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.