Жаҳон | 16:48 / 28.08.2018
12362
2 дақиқада ўқилади

Макрон Трампга муносабатини ўзгартирди

Фото: AP

Франция президенти Эммануэль Макрон АҚШ президенти Дональд Трамп ва Вашингтонга бўлган муносабатини ўзгартирди, дея таъкидлайди Associated Press агентлиги.

Франция етакчиси Парижда француз элчилари олдида қилган 90 дақиқалик чиқиши давомида келгуси йилда мамлакатнинг дипломатик устувор йўналишлари учун йўл харитасини маълум қилди, дейилади материалда.

Янги йўл харитасига қараганда, Макрон АҚШга бўлган муносабатини ўзгартирди, дея таъкидлайди агентлик. Бу ҳаттоки «броманс» (икки эркаклар ўртасидаги яқин дўстона муносабатлар) деб аталган, Макрон билан Трамп ўртасидаги намойишкорона муносабатдан фарқ қилади.

Унинг нутқи Европа иттифоқини мавжуд чақириқларга қарши кураш олиб бориш мақсадида кучайтиришга қаратилган эди.

2017 йилги сайловлардан буён Макрон Трампни Париждаги иқлим келишувидан ва Эрон ядровий битимидан чиқмасликка ишонтиришга уриниб келди. Шунингдек, Франция раҳбари Трампни Европадан пўлат ва алюминийга божлар жорий этмасликка чақирди. Аммо Макроннинг саъй-ҳаракати беҳуда бўлди, дея қайд этади AP. Париждаги нутқида Макрон Европа иттифоқини АҚШга таянмасдан, ўз ҳимояси учун кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Макрон билан хавфсизлик ва савдони муҳокама қилгани хабар берилганди.

Мавзуга оид