Модрич жуда катта фарқ билан Роналду ва Мессини ортда қолдирди
«Реал» клуби ва Хорватия терма жамоаси яримҳимоячиси Лука Модрич УЕФА томонидан ўтган мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилди ва Роналдунинг бу борадаги 2 йиллик устунлигига барҳам берди.
«Реал» билан қаторасига уч марта Чемпионлар Лигасида зафар қучган Модрич сўровномада 313 балл тўплади. 32 ёшли хорватиялик энг яқин таъқибчиси Криштиану Роналдуни 90 балл ортда қолдирди. Қайд қилиш жоизки, «Олтин тўп»нинг амалдаги соҳиби Монако шаҳрида ўтказилган тақдирлаш маросимига келишни ўзига эп кўрмаган эди.
Етакчилар учталигини 134 балл тўплаган «Ливерпуль» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ ёпиб берди.
«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси эса атиги 55 балл тўплаб, сўровномада 5-ўринда қолди.
Овоз бериш жараёнида Чемпионлар Лигаси 2017/18 мавсумининг гуруҳ босқичида иштирок этган 32та клубнинг бош мураббийи, шунингдек УЕФА аъзоси бўлган мамлакатлардан 55 нафар журналист иштирок этди.