Спорт | 22:40 / 01.09.2018
95178
8 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари якунлари. Рекордлар, бокс ва курашдаги гегемонлик

Бугун, 1 сентябрь куни Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида Осиё ўйинларининг якуний баҳслари ўтказилди. 2 сентябрь куни тонгида триатлон бўйича жамоавий баҳслардан кейин турнирнинг ёпилиш маросими ташкиллаштирилади.

Ўзбекистон бу сафарги Осиё ўйинларида барча натижаларни яхшилади. 

Турнирга Ўзбекистондан 234 нафар спортчи йўл олиб, улар спортнинг 30 тури бўйича мамлакат шарафини ҳимоя қилишди.

Якунда Ўзбекистон делегацияси 21 олтин, 24 кумуш ва 25 бронза, жами 70 медал қўлга киритди. Бу эса медалларнинг умумий сони бўйича ҳам, олтин медаллар сони бўйича ҳам, кумуш ва бронза медаллар сони бўйича ҳам натижалар яхшиланиши бўлди.

Фото: Абдуллоҳ Файзуллаев

Хусусан, шу вақтгача медаль жамғариш бўйича Гуангжоу—2010 ўйинлари энг яхши натижа қайд этилган турнир бўлиб турганди — жами 56та медал (11 олтин, 22 кумуш, 23 бронза). Энг кўп олтин ва бронза олиш бўйича кўрсаткич эса Пусан—2002 турнирида қайд этилган. 2002 йилги Осиё ўйинларидан ўзбекистонлик спортчилар 15та олтин ва 24та бронза медал билан қайтишганди (15-12-24). Энг кўп кумушлар Бангкок—1998 ва Гуанчжоу—2010 турнирларида олинган - 22тадан.

Шу билан биргаликда Ўзбекистон умумий рейтингда юқори ўрин эгаллаш бўйича натижани яхшилай олмади, Ҳиросима—1994 ва Пусан—2002 турнирларидаги натижалар такрорланди.

Ўзбекистон шу вақтга қадар 6 марта Осиё ўйинларида қатнашганди.

1. Ҳиросима—1994: 11та олтин, 12та кумуш, 19та бронза. Жами 42та медал. Умумжамоа ҳисобида 5-ўрин.

2. Бангкок—1998: 6та олтин, 22та кумуш, 12та бронза. Жами 40та медал. Умумжамоа ҳисобида 10-ўрин.

3. Пусан—2002: 15та олтин, 12та кумуш, 24та бронза. Жами 51та медал. Умумжамоа ҳисобида 5-ўрин.

4. Доҳа—2006: 11та олтин, 14та кумуш, 15та бронза. Жами 40та медал. Умумжамоа ҳисобида 7-ўрин.

5. Гуангжоу—2010: 11та олтин, 22та кумуш, 23та бронза. Жами 56та медал. Умумжамоа ҳисобида 8-ўрин.

6. Инчеон—2014: 9та олтин, 14та кумуш, 22та бронза. Жами 45та медаль. Умумжамоа ҳисобида 11-ўрин.

7. Жакарта-Палембанг—2018: 21та олтин, 24та кумуш, 25та бронза. Жами 70та медал. Умумжамоа ҳисобида 5-ўрин.

Ўзбекистон делегациясига энг кўп медални Осиё ўйинларига илк бор киритилган ўзбек миллий кураши вакиллари келтиришди - 6та олтин, 2та кумуш ва 4та бронза. Шунингдек, боксда 5та олтин ва 2та кумуш медал қўлга киритилди. Қайд этиш керакки, турнирга борган барча боксчилар финалга чиқиб, медалларга эга бўлишди.

Шунингдек, эркин курашчилар 2та олтин, 1та кумуш ва 3та бронза медални делегация ҳисобига қўшиб қўйишган бўлса, каноэда 8та (1-3-4), таэквондода 6та (1-3-2), тош кўтаришда 5та (1-2-2), енгил атлетикада 4та (1-2-1), байдаркада эшкак эшишда 4та (1-2-1), самбода 4та (1-1-2), дзюдода 4та (1-0-3), теннисда битта олтин, бадиий гимнастикада 2та кумуш, каратеда 1 кумуш ва 2 бронза, велоспорт, у-шу ва спорт гимнастикасида биттадан кумуш, пенчак силатда битта бронза қўлга киритилди.

Бекзод Абдураҳмонов

Қайд этиш керакки, турнирга 45 мамлакатдан 9704 нафар спортчи ташриф буюрди. Спортнинг 42 тури бўйича 476 комплект медаллар жамланмаси ўйналди. 

Якуний рейтингда хитойлик спортчилар жами 289 медал олган ҳолда бошқа рақиблардан яққол устунлик қилишди - 132та олтин, 92та кумуш ва 65 бронза. Учликни Япония (74-56-74) ва Жанубий Корея (49-57-7) тўлдирди. Мезбон Индонезия эса 31 олтин олиб, тўртинчи ўринни банд этди, мезбонларнинг 15 олтини миллий спорт тури пенчак силатдан олинди.

Бешинчи ўрин учун охирги кунларда Эрон, Хитой Тайпейи Ҳиндистон, Қозоғистон, КХДР ва Ўзбекистон ўртасида кураш кечди. Ўзбекистон турнирнинг иккинчи ҳафтасида ҳам ўнликдан ташқарида эди ва фақат охирги кунлардаги медаллар, айниқса боксчиларнинг муваффақиятли иштироки эвазига бешинчи ўринга кўтарилиб олди. Охирги кунда Эрон ва Ўзбекистон ўртасида ўзига хос интрига юзага келди. Кун аввалида Эрон 19та медал билан бешинчи ўринда турганди, еттинчи ўриндаги Ўзбекистонда эса 15та олтин медал бор эди. Ўзбекистонлик боксчилардан 5 нафари олтин медалга эга чиққанидан кейин ҳам бешинчи ўрин кафолатланмаганди, Эроннинг баскетбол ва волейбол жамоалари финалга чиққан ва иккита олтин медал олиш орқали яна бешинчи ўринни қайтариб олиши мумкин эди. Аммо ўзбекистонлик самбочилар битта олтин медал қўлга киритиш орқали, эронликларнинг имкониятларини йўққа чиқарди, энди Эрон жамовий баҳсларда иккита олтин медал қўлга киритса ҳам, кумуш медаллар камлиги эвазига (бу вақтда Эронда 19та, Ўзбекистонда 24та кумуш медал бор эди). Якунда эронлик волейболчилар ғалаба қозониб, медаллар сонини 20тага етказишди, аммо баскетбол жамоаси кумуш медал билан кифояланди.

Турнирда юқорироқ натижа кўрсатиши кутилган Қозоғистон делегацияси эса 76 медал билан (15-17-44), 9-ўринга жойлашди.

Умуман, турнирга келган 45 делегациядан 37таси камида битта медал билан қайтадиган бўлди. Бу делегациялар қаторида 22-ўриндаги Қирғизистон (2-6-12), 27-ўриндаги Ироқ (1-2), 28-ўриндаги Бирлашган Корея жамоаси (1-1-2), 30-ўриндаги Тожикистон (0-4-3), 32-ўриндаги Туркманистон (0-1-2), 34-ўриндаги Покистон (0-0-4), 35-Афғонистон (0-0-2), 37-ўриндаги Сурия (0-0-1) ҳам бор.

Мусобақа давомида ўзбекистонликлар Осиё ўйинлари рекордларини янгилашди. Светлана Радзивил баландликка сакраш бўйича уч карра Осиё ўйинлари ғолибига айланиш билан бир қаторда, 2010 йилда ўзи ўрнатган рекордни янгилай олди. Шунингдек, Руслан Нуриддинов оғир атлетика бўйича Осиё ўйинларининг янги рекордчисига айланди. Вадим Меньков байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича тўрт карра Осиё ўйинлари ғолибига айланган илк спортчи бўлди. 

Ўзбекистон бокс жамоаси эса турнирда яққол гегемонлик қилди ва катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллади.

Жасурбек Латипов (-52 кг), Миразиз Мирзахалилов (-56 кг), Иқболжон Холдоров (-64 кг), Бобоусмон Ботуров (-69кг) ва Ўзбекистон делегацияси байроқдори Исроил Мадримов (-75 кг) олтин медалларни қўлга киритишганди. Ҳасанбой Дўсматов (-49 кг) ва Шунқор Абдурасулов (-60 кг) эса финалда ютқазиб, кумуш медал билан кифояланишди.

1. Ўзбекистон — 5-2-0
2. Мўғулистон — 1-1-0
3. Ҳиндистон — 1-0-1
4. Қозоғистон — 0-2-0
5. Филиппин — 0-1-2. 
6. КХДР — 0-1-1
7. Таиланд — 0-0-4
8. Хитой — 0-0-3
9. Индонезия — 0-0-1
10. Иордания — 0-0-1
11. Қирғизистон — 0-0-1
12. Япония — 0-0-1

Ўзбекистонлик курашчилар ҳам бошқа рақиблардан яққол устунлик кўрсатишди. Кураш бўйича мусобақалар ҳам 7 вазн тоифасида ташкил этилди ва унда иштирок этган 14 нафар ўзбекистонлик курашчидан 12 нафари медал олди - 6 олтин, 2 кумуш ва 4 бронза. Эътиборли жиҳати, икки марта финалда ўзбекистонлик курашчилар олтин учун ўзаро баҳс олиб боришди. -90 кг вазн тоифасида Яҳё Имомов ва Шермуҳаммад Жандриев ҳамда -66 кг вазн тоифасида Маъруф Ғайбуллоев ва Руслан Бўриев финалда ўзаро гиламга чиқишди. Шунингдек, ўзбекистонлик енгил атлетикачилар, Светлана Радзивил ва Надия Дусанова баландликка сакраш бўйича олтин ва кумуш медалларни ўзаро бўлиб олишди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Ўзбекистон делегацияси 2 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15:00да Тошкентга қайтиб келади.

Мавзуга оид