Жамият | 16:36 / 02.09.2018
21660
4 дақиқада ўқилади

Ота ташаккури: “Менга, ўғлимга кўмак бўлган барчадан миннатдорман...”

Саховат. Бу хислатни таърифлашнинг ўзи кам. Қизиқ томони бу муқаддас, илоҳий сифатни атрофингизда кўрганингиз сари кўнглингиз жунбишга келаверади. Парвардигор эса бундай инсонларни йўлингиздан чиқараверади.

Навбатдаги хайрия мурожаати бўйича Тошкент шаҳрида жойлашган болалар шифохонасига йўл олдик. 3 ойлик фарзанди Муҳаммадюсуфнинг жигар циррозидан азият чекаётганлиги сабаб Дадаев Муроджон ака Kun.uz таҳририятига мурожаат йўллаган эди.

Хайрия лойиҳасини ташкил қилиш учун вазиятни тўлиқлигича ўрганишимиз лозим эди. Шу сабабдан Мурод аканинг ўзи билан суҳбат ўтказдик. Керакли материаллар йиғилганидан сўнг, зудлик билан ишга киришдик. Вақт жуда оз эди. Тезроқ лойиҳани тайёрласак, халққа намойиш этсак. Тезроқ мурғак гўдакка ёрдам кўрсатсак. Қисқа муддат ичида махсус лавҳа эфирга тайёрланди. Сўнгра, Мурод аканинг қўнғироғи ва айтган сўзлари бизни карахт ҳолатга келтирди: “Махсус лавҳани сайтга қўйиш шарт эмас. Маблағни йиғиб бўлдим. Ҳаммага айтиб чиқяпман”.

Нима бу? Мўъжизами? Яратган яна бир бор ўз қудратини кўрсатди деб ҳисобладик. Бу янгилик билан қутлаш учун ва сафар олдидан оқ йўл тилаш мақсадида яна Мурод аканинг ҳузурига ошиқдик.

Мурод ака бўлиб ўтган ишлардан, қисқа вақт ичида йиғилган маблағдан ўзи ҳам ҳайрон ҳолатда эди. Меҳрибон ва сахий инсонларнинг бундай эътиборидан таажжубда эди.

“25 август кунидан то ушбу 31 август кунигача Аллоҳнинг қудрати билан, саховатпеша инсонлар кўмагида мақсад қилинган маблағ (35 минг доллар) йиғилди. Бу учун авваламбор Оллоҳимга ҳамд-санолар айтамиз. Ҳаттоки, маблағ йиғилди десак ҳам ҳалигача бизга ёрдам бериш истагини билдириб ватандошлар хабар олишмоқда. Бу мўъжизадан бошқа нарса эмас. Бу ҳаммаси халқимизнинг бағрикенглиги, болажонлигидан деб ўйлайман.

Бировнинг дардини ўз дардидек қабул қиладиган инсонлар кўп экан. Улар қўлларидан келганича ёрдам беришга ҳаракат қилишди. Дунёнинг кўплаб жойларидан ватандошлар кўмак беришди.

Маблағдан ташқари ҳужжатлаштириш ишларида давлат мутасадди орган ходимлари ҳам тезроқ қилиб беришди. Шифохонадагилар ҳам ҳамиша қўлларидан келган ёрдамни беришди.

Бундан ташқари, Ҳиндистонда ҳам ватандошларимиз кутиб туришибди. Улар менга таниш ёки қариндош эмас. Лекин, келсанглар ўзимиз кутиб оламиз, дейишмоқда. Бу инсонларнинг ҳаммаси охиратларига захира қилишди, иншаоллоҳ. Яхшиликлари жавобсиз қолмайди.

Бизга ўхшаб бошларига синовли кунлар келган биродарларимизга айтмоқчиманки, Аллоҳ қодир Зот, умидни ҳеч қачон сўндирманглар. Синов берган, ечимини ҳам беради”, дея ҳамма кўмакда бўлган ватандошларга ўз ташаккурини билдирди.

Ушбу оила 1 сентябрь куни Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрига Тошкент вақти билан соат 15:00да етиб борди. Ҳозирда Деҳли шаҳрининг Jaypee шифохонасига бориб жойлашишган.

Қадрдон юртдошлар, ушбу байрам кунлари ҳаммамиз қатори бу ёш оилага ҳам хурсандчилик олиб келсин. Қўлларимиз дуода бўлсин. Ёш ватандошимиз Муҳаммадюсуфнинг шифо топиб жамиятимиз учун наф келтирувчи инсон бўлиб вояга етсин.

Kun.uz жамоаси Муҳаммадюсуфга соғлиқ-саломатлик тилаб қолади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид