Ўзбекистон | 19:23 / 03.09.2018
190566
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қатор блогерлар қўлга олинди

Ижтимоий тармоқларда сўнгги кунлар давомида қатор блогерлар қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Хусусан, Мусанниф Адҳам тахаллусидаги блогер Адҳам Олимов, тошкентлик Зиёвуддин Раҳим, андижонлик Отабек Усмонов ва Муҳаммад Шакур тахаллусли блогер қўлга олингани айтилади.

Kun.uz’га маълум бўлишича, Адҳам Олимовни 28 август куни, соат тахминан 18:00ларда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Себзор даҳасида жойлашган уйидан олиб кетишган. Маълумотларга кўра, уни қўлга олиш учун саккиз киши келган, улардан икки нафари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари формасида бўлган.

Мусанниф Адҳам/Фото: Facebook

Квартирада тинтув ўтказилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларида прокурор санкцияси бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

2018 йил 29 август куни Тошкент шаҳар Олмазор туман маъмурий суди биносидаги очиқ суд мажлисида Адҳам Олимов МЖтК 194-моддасининг 1-қисми, 195-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбдор деб топилган. 

Судда маълум қилинишича, Адҳам Олимов 2018 йил 28 август куни милиция ходимига шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатмай, милиция ходимининг қонуний талабини бажармай, қўни-қўшнилар эътиборини тортганлиги, шахсини аниқлаш мақсадида ИИО ФМБга бориш таклиф қилинганида милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатган.

Суд мажлисида Адҳам Олимов айбига иқрорлик билдириб, суддан енгиллик беришни сўраган.

Адҳам Олимовга 184 300 сўм жарима жазоси ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. 

Унинг яқинларининг Kun.uz’га маълум қилишича, 29 август куни оиласи Олмазор ИИБга борган. 

«Давлат адвокати бизга Адҳам ҳеч нарсани бузмагани ва у 48 соат давомида озод этилиши ҳақида айтди. Биз 60 соат ўтганидан кейин ҳаракат қилишни бошладик. Аввалига Тошкент прокуратурасига бордик, у ердан бизни Олмазор тумани прокуратурасига жўнатишди, у ерда эса, акам Панельнийда экани ва у Олмазор суди қарори билан 15 суткага қамалганини айтишди», - дейди унинг укаси.

Оила судга бориб, қарор нусхасини олишга уринган, бироқ у дам олиш кунлари туфайли ёпиқ бўлган. Кейинроқ Олимовнинг яқинлари «Панельний»га (Қўйлиқдаги ҳибсхона - таҳ.) боришган. У ерда уларга Адҳам 28 август куни олиб келинган, 29 августда эса у қайта жўнатилгани айтилади. «Бизга Адҳамни вақтинчалик сақлаш изоляторидагилар олиб кетганини айтишди. ИИББда бундай ҳолат бўлмагани ҳақида хабар беришди», - деди Шохруҳ.

Қўлга олинган Олимовнинг оиласи яна Олмазор тумани прокуратурасига боришган. «Адҳам бошқа жойда эмас, аниқ Панельнийда бўлиши кераклигини билдиришди», - дея хабар берди унинг укаси. Унинг сўзларига кўра, адвокат ИИББга ордер тақдим этганидан сўнг, ИИБ ходими улар 2 сентябрь куни келишларини айтган.

«Биз биринчида ҳам, иккинчи сентябрда ҳам келдик. Эртага келиш сўралди. Биз у қаерда эканини аниқ била олмаяпмиз. Бизга ҳали ҳам суд қарори нусхаси берилмади, у ҳақида интернетдан билдик. Бугун (2 сентябрь - таҳ.) у бедарак кетганидан роппа-роса беш кун ўтди», - деди Шохруҳ.

Бундан ташқари, яна икки блогер қўлга олингани маълум бўлди - Зиёвуддин Раҳим ва Отабек Усмонов.

Маълумотларга кўра, «Тажвид қоидалари», «Кенг ризқ ва барака омиллари» каби диний-маърифий китоблар муаллифи Зиёвуддин Раҳим ҳам Олмазор тумани маъмурий суди томонидан Адҳам Олимов айбланган моддалар бўйича айбдор деб топилган - МЖтК 194-моддасининг 1-қисми, 195-моддаси. Суд З.Раҳимга 10 сутка маъмурий қамоқ ва энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жазо тайинлаган.

Зиёвуддин Раҳим/Фото: Facebook

Отабек Усмонов Андижон вилоятининг Асака шаҳридаги GM Uzbekistan корхонасида қўлга олингани айтилмоқда. У ҳам 15 суткага қамоққа олинган.

Отабек Усмонов/Фото: Facebook

Шунингдек, Муҳаммад Шакур тахаллусида ижод қилган блогер Тошкент вилояти Қибрай туманида орган ходимлари томонидан маҳкамага олиб кетилган. Кейинроқ у жисмоний имконияти чеклангани инобатга олиниб, қўйиб юборилган.

Муҳаммад Шакур/Фото: Facebook

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу блогерларнинг қўлга олиниши юзасидан жиддий ташвишда эканликларини билдиришмоқда, улар бунга нима сабаб экани борасида мунозараларга киришиб кетишган.

Тахминларга кўра, бунга ушбу блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги сўнгги постлари, изоҳлари, хусусан, ҳукуматнинг «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 666-сонли қарори юзасидан билдирган фикрлари сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид