Бир неча кун муқаддам Вазирлар Маҳкамасининг «Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 5 сентябрдаги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) томонидан тайёрланган ушбу лойиҳага кўра, веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шу жумладан блогер хабарнома олган пайтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан қонунчиликка зид ахборотни ўчириши ва агентликни бундан хабардор қилиши назарда тутилган.

Kun.uz сайти ушбу масала юзасидан таниқли блогер, ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев билан суҳбат ўтказди.

– Низом лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Блогер ва журналистларнинг қизиқтираётган масалаларидан бири – муддатдир. 24 соат қисқа муддат эмасми?

– Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларни ўчиришга оид мавзу 2-3 ой олдин кўтарилган эди ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ўзгаларнинг ёзган изоҳи учун журналист ёки блогер жавоб бериши қай даражада тўғри, бу қанчалик мантиққа тўғри келади, деган саволлар бор кўпчиликда. Бу ерда энг муҳим нуқта – гап қонунга хилоф ахборотларни ўчириш ҳақида кетаётганида. Ўзи қонунга зид изоҳларни ўчиришга кўплаб блогер дўстларимиз ҳам, таҳририятлар ҳам қарши эмас. Масалан, кимдир кимнидир бўралатиб сўккан бўлса, терроризм, наркотикка даъват каби ҳолатларда масъулияти бор исталган журналист ёки блогер изоҳларни ўчиришга эътироз билдирмаса керак.

Муддат масаласига келсак, блогер сифатида бу менга ҳам тааллуқли бўлгани учун Низом лойиҳасини жиддий ўрганиб чиқдим. Низомда «олинган кундан эътиборан» деган жойи бор. Бундай тартиб қонунчиликда бошқа жараёнларда ҳам бор (масалан, суд жараёнлари ёки меҳнат қонунчилигидаги огоҳлантириш муддатларида). Бунда юборувчи томон қачон жўнатгани эмас, қабул қилган томон қачон қабул қилиб олгани муҳим. Мисол учун, агентлик хат жўнатган ва у таҳририятга 4 кундан сўнг етиб борди. Демак, 24 соатлик муддат хат етиб келган вақтдан бошлаб ҳисобланади. Чунки блогер ёки журналист авлиё эмас-ку, хат юборилганини ўзидан-ўзи била олмайди. Шундай экан, сиз хатни қабул қилиб олгандан кейингина, 24 соат ичида қонунга хилоф ахборотни ўчиришингиз керак бўлади.