Ўзбекистон | 22:41 / 11.09.2018
4300
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда муҳандислар-консультантлар уюшмаси ташкил этилади

Ўзбекистон президентининг 11 сентябрь куни имзоланган қарорига кўра, Ўзбекистонда муҳандислар-консультантлар уюшмаси ташкил этилади. 

Қарорда билдирилишича, Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институтининг Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар уюшманинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

лойиҳа, инжиниринг ва консультация хизматларини ривожлантириш;

уюшма аъзоларини истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фаолиятга жалб этиш;

уюшма аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш;

халқаро молия институтлари ҳисобидан молиялаштириладиган муҳандислар-консультантлар, лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ходимларининг малакасини ошириш;

олий таълим муассасалари билан уларнинг ўқув дастурларига лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги энг янги ютуқ ва инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилиш;

хорижий муҳандислар уюшмалари билан ҳамкорлик қилиш, сифатли лойиҳалаштириш ишларини, шу жумладан, хорижда амалга ошириш учун консорциумлар шакллантириш.

Қарорга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан биргаликда бир ой муддатда, шу жумладан, хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда ихтисослаштирилган инвестиция компаниясини ташкил этиш бўйича таклифлар киритиши лозим.

Бунда:

инвестиция компанияси инвесторлар, шу жумладан, хорижий инвесторлар ресурларини жалб этиши;

инвестиция компанияси хўжалик юритувчи субъектлар устав капиталида уларнинг самарадорлиги ва даромадлилиги кўрсаткичларини ошириш учун иштирок этиши;

инвестиция компанияси бўш маблағларининг республика ҳудудларидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жойлаштирилиши;

инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун маҳаллий ва хорижий консультантлар жалб этилиши назарда тутилиши даркор.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид