Ўзбекистон | 00:33 / 12.09.2018
77638
3 дақиқада ўқилади

Блогерлар озод этилмоқда: улардан бири нималар бўлганини айтиб берди

Август ойи охирида ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик бир неча блогер қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабарлар ижтимоий тармоқда, хусусан, фейсбукда кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган эди. Шу билан биргаликда, блогерлар қўлга олингани ҳақида ҳеч қандай расмий баёнот берилмади. 

Шу блогерлардан бири, фейсбукда Мусанниф Адҳам тахаллусида постлар қолдирган Адҳам Олимов бугун, 11 сентябрь куни озодликка чиққан.

KUN.UZ мухбири унинг ўзи билан алоқага чиқди.

«Мени 29 август куни кечки пайт уйимдан олиб кетишди. Шундан сўнг 29 августдан 2 сентябрга қадар Тошкент шаҳар ИИББнинг ертўласида бўлдим. Кейинроқ мени у ердан олиб чиқиб, Тошкент шаҳридаги «панелний»да бугунгача сақлашди. Жами 14 кун ўша ерларда бўлдим. Олий судга апелляция юзасидан ариза ёзишган экан, шу сабаб бир кун олдин чиқариб юборишди. Бугун, 11 сентябрь куни соат 20:40да ўз уйимга, оилам бағрига келдим. Айни пайтда кайфиятим яхши. Маъмурий қамоқ бўлгани билан, барибир қамоқ, руҳиятга таъсир ўтказади. Адвокатим орқали бошқа блогерлар ҳам шундай ҳолатга тушишганини эшитгандим. Айни дамда уларни ҳам озодликка чиқишганини эшитиб хурсанд бўлдим. Масалан, Андижондан Отабек Усмонов, Намангандан Дилшод Халилов қўйиб юборилган. Уларни шахсан танимасамда, аммо интернет орқали билардим. 

У ерда бўлганимда асосий сўралган саволлар, асосий муаммо, фикримча, Муҳаммад Шакур деган блогер атрофида айланди. «У одамни танийсанми?», «Уни қўллаб-қувватламоқчи эдингми?». Шу каби саволлар. Балки бошқа блогерларга ҳам шу саволлар берилгандир. Ҳижоб ва мактаб формаси ҳақида ҳам бир-икки саволлар беришди. Мен уларга «regulation.gov.uz» сайтида қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилганида, расман исм-шарифим билан кириб, ўз фикримни қолдирганим, бу ҳақда фейсбукда ҳам ёзганимни айтдим», дейди блогер.

Адҳам Олимов ушлаб турилган вақтида ўзига нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан ҳеч қандай жисмоний азоблаш ҳолатлари қўлланилмаганини таъкидлади. 

«Менга нисбатан ҳеч қандай жисмоний томондан тазйиқ ўтказиш ҳолати кузатилмади. Фақат суҳбат жараёнида руҳий босим кузатилди холос. Мени олиб кетишгач, оила аъзоларимга ҳам ҳеч қандай руҳий босим қилишмаган, уларни безовта қилишмаган», дейди у.

Блогер берган маълумотларга кўра, унинг телефони ва компьютери текшириш учун олиб қўйилган ва унинг айтишича, бу юзасидан ҳам савол-жавоблар бўлиши мумкин. Мусанниф Адҳамга ижтимоий тармоқлардан фойдаланмаслик тақиқи ҳам қўйилмаган.

Маълумот ўрнида: Бундан аввалроқ АҚШ Давлат департаментининг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчиси Сэм Браунбэк шу кунларда Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид