Ўзбекистон | 11:52 / 12.09.2018
19331
5 дақиқада ўқилади

Эксперт: Лукашенко Ўзбекистон билан муносабатларни қайта тиклаш учун Тошкентга йўл олди

Фото: Беларусь Президенти матбуот хизмати

Лукашенко Каримовдан сўнг Ўзбекистон президенти бўлган Мирзиёев билан умумий тил топишишга муваффақ бўлди.

12-14 сентябрь кунлари Александр Лукашенко Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади. Ташриф жуда муҳим. Сабаби Ўзбекистонни Ислом Каримов бошқарган 20 йилдан кўпроқ вақт давомида собиқ СССРнинг икки давлати ўртасидаги ҳамкорлик деярли музлатиб қўйилди, дейди эксперт Андрей Фёдоров.

Бугунги кунда Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ўсиб бормоқда, аммо барча тўсиқлар олиб ташланган, деб айтишга ҳозирча эрта.

Аввалига ҳаммаси яхши кўриниш касб этганди. 1993 йил январь ойида дипломатик алоқалар ўрнатилди, бир йил ўтиб Беларусь элчихонаси Тошкентда очилди. 1994 йил декабрда эса, Беларуснинг янги сайланган президенти у ерга ўзининг илк хорижий сафарларидан бирини амалга оширди, унда дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация имзоланди.

Бироқ, кейинчалик яқинлашув бирданига тўхтади, эҳтимол, биринчи шахслар ўртасидаги шахсий муносабатлар туфайли.

Ўзбекистоннинг Минскдаги элчихонаси фақатгина шу йил очилди, бундан олдин эса Россия Федерациясидаги элчилар бу ерда ҳам вакил бўлган.

Каримовнинг ўлимидан олдин Минскдан Тошкентга ёки аксинча йўналишда нафақат олий даражада, балки юқори даражада ҳам бошқа биронта ташриф амалга оширилмади.

Лукашенконинг ўзи Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раиси Ниғматилла Йўлдошев билан июнь ойидаги учрашувда ўша даврда муаммолар бўлганини қисман тасдиқлади: «Ўтган бир йил мобайнида, балки, ундан бироз кўпроқдир... биз Беларусь-Ўзбекистон муносабатларида аввалги 20 йилдан кўра кўпроқ нарса қилдик».

Лукашенко билан Каримов ўртасида мураккаб шахсий муносабатлар бўлганига оид версияни яна шу ҳолат ҳам тасдиқлайдики, Ўзбекистонда президент ўзгарганидан кейин вазият яхшилана бошланди.

Каримов 2016 йил сентябрида вафот этди. Октябрда эса, Беларусь етакчиси Покистондан қайтиб келаётиб Самарқандга тўхтаб ўтди, у ерда мамлакат президенти вазифасини бажарувчи, икки ойдан сўнг давлат раҳбари этиб сайланган бош вазир Шавкат Мирзиёев билан амалий учрашув ўтказилди.

Ўшандан бери ҳамкасблар унча кўп учрашмаган бўлса-да (2017 йилда МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида ва 2018 йил ШҲТнинг Циндаодаги саммити вақтида), икки томонлама муносабатлардаги муҳит кескин ўзгарди. Хусусан, Беларусда Ўзбекистон элчихонасини очиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунинг учун, эҳтимол, Беларусь етакчиси Йўлдошевга эришилган натижаларда асосан Ўзбекистоннинг амалдаги президенти хизмати катта бўлгани ҳақида гапириб, фақат рост сўзлаган. Лукашенко Мирзиёев бошлаган ислоҳотларнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди: «Сиз бу йиллар ичида жуда яхши ишларни қилдингиз. Дунёга очилиб, олиш мумкин бўлган нарсадан максимумни олдингиз. Энг муҳими - иқтисодиётда».

Ҳақиқатан ҳам, сиёсий муносабатлар қанчалик ажойиб бўлмасин, Беларусь ҳукумати учун иқтисодий ҳамкорлик ҳар доим биринчи ўринда туради.

Белоруснинг Ўзбекистонга экспортида нефть-кимё ва машинасозлик маҳсулотлари, дорилар катта улушга эга. Ўзбекистондан асосан пахта толаси, янги ва қуритилган мева-сабзавотлар импорт қилинади.

Сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистоннинг Беларусь ташқи савдосидаги улуши 0,1% дан 0,3% гача диапазонда бўлди. Максимал ўзаро товар айланмасига - 167 млн доллар - 2008 йилда эришилди, ўшанда Беларусь учун энг катта ижобий сальдо ҳам қайд этилди - 107 млн доллар.

Каримов бошқарувининг сўнгги йилларида бу рақамлар кескин камайиб кетди: 2015 йилда мос равишда 64,9 млн ва 9,3 млн эди, 2016 йилда - 63,1 миллион ва 7,3 млн доллар.

Шу билан бирга, бу ерда ўша пайтда Беларусь иқтисодиётининг умумий рецессияси ташқи савдо ҳажмларининг пасайиши барча йўналишларда кузатилган.

Худди шу тарзда, кейинчалик пайдо бўлган ижобий силжишларни фақатгина Тошкентдаги ҳокимият алмашуви билан боғлаш керак эмас. Эҳтимол, икки томонлама савдонинг ўсишига Беларусь иқтисодиёти аҳволи ҳам ёрдам берган. Бироқ, ҳақиқат шундан иборатки, ишлар жиддий равишда яхшиланмоқда.

Ўтган йилда ундан аввалги йил билан таққослаганда товар айирбошлаш ҳажми икки баробардан кўпроққа ошди, Беларусь учун ижобий сальдо эса 61 млн долларга етди. Шунга ўхшаш тенденциялар 2018 йилнинг биринчи ярмида ҳам кузатилди, шунинг учун улар давом етса, олдинги рекордлар янгиланади.

Ўсиш суръатларининг сақланиб қолишига, эҳтимол, икки давлатнинг «Бир камар - бир йўл» Хитойнинг кенг кўламдаги ташаббусида иштирок этиши ҳам ёрдам беради, дея хулоса қилади эксперт. 

Мавзуга оид