Ўзбекистон | 11:42 / 13.09.2018
7259
3 дақиқада ўқилади

Банклар эндиликда банкрот корхоналарни сотиб олмайди 

Фото: KUN.UZ

МБнинг банклар фаолиятини тартибга солувчи бир қатор ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди, деб ёзмоқда Norma.
  
Илгари бошқа шахсга кафолат бериш бош банкнинг кредит қўмитаси томонидан кўриб чиқилган ва бошқарув раисининг имзоси билан расмийлаштирилган. Филиалларга кафолат бериш тақиқланган эди.

Тижорат банклари томонидан банк кафолатларини бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришларга мувофиқ эндиликда кредит қўмитаси розилик бергандан сўнг ва кредит сиёсатида кўрсатилган кафолат беришнинг лимитлари доирасида филиалларга ҳам кафолат беришга рухсат этилди.
 
Берилган кафолатларнинг тўғри юритилиши учун жавобгарлик бошқарув раиси зиммасига юклатилди, уларнинг ўзи эса «Давлат белгиси» ДИЧБнинг ҳимояланган бланкларида расмийлаштирилади.
  
Банкка алоқадор бўлган шахслар билан тузиладиган битимлар тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
 
Биринчидан, банкка алоқадор бўлган шахсларга тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг юқори даражасини ҳисоблашда эндиликда банкка алоқадор бўлган шахснинг кредитловчи банкда депозитлар билан таъминланган кредитлари ҳисобга олинмайди.   
 
Эслатиб ўтамиз, банк билан алоқадор шахсларнинг рўйхати «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасида келтирилган. Банкка алоқадор бўлган битта шахсга тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг юқори даражаси эса банк биринчи даражали капиталининг 25%идан ошмаслиги лозим (умуман олганда барча алоқадор шахсларга – 100%). 
 
Иккинчидан, банк билан алоқадор шахсларни молиялаштиришда кредитлар таъминотига қўйиладиган талаблар қуйидагича пасайтирилди:

• таъминот сифатида миллий валютада депозит қўйилганда – кредит суммасининг камида 100%и;
• таъминот сифатида хорижий валютада депозит қўйилганда – кредит суммасининг камида 105%и;
• таъминот сифатида давлат қимматли қоғозлари қўйилганда – кредит суммасининг камида 125%и;
• таъминотнинг бошқа турлари қўйилганда – кредит суммасининг камида 130%и.

Эслатиб ўтамиз, илгари депозитлар кредитни 130% таъминлаши керак бўлган.
 
Банклар учун илгари амал қилган қимматли қоғозларни сотиб олиш (давлатникидан ташқари), юридик шахсларнинг устав капиталида улушли иштирок этиш, шунингдек улар билан муносабатлардаги таваккалчиликлар бўйича чекловлар қайта тикланди.
 
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 18.11.2008 йилдаги ПФ–4053-сон ва 2017 йил 20 апрелдаги ПФ–5022-сон фармонлари ҳамда президентнинг 19.11.2008 йилдаги Ф–4010-сон фармойишига мувофиқ иқтисодий ночор корхоналар уларнинг фаолиятини қайта тиклаш учун банкларга сотилган эди. Бу амалиёт тўхтатилди. Тегишли ўзгартиришлар Тижорат банклари томонидан қимматли қоғозлар билан ўтказиладиган операцияларга ва уларнинг бошқа корхоналар устав капиталида қатнашишига  қўйиладиган  талаблар  тўғрисидаги низомга ва Бир қарздор ёки ўзаро дахлдор бўлган қарздорлар гуруҳига тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг юқори даражаси тўғрисида низомга киритилди.

Ўзгартириш ва қўшимчалар 6.09.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид