Ўзбекистон | 01:05 / 14.09.2018
11245
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Мирзиёевга Минскда ўзбекона услубда элчихона қуришни таклиф қилди

Фото: belta.by

Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан тор доирада ўтказилган музокаралар давомида Минскдаги Мустақиллик саройи қаршисида ўзбекона услубда элчихона қуришни таклиф қилди. Бу ҳақда БЕЛТА хабар бермоқда

"Сизлар бизда элчихона очдингиз. Бу эса сизларнинг бизни минглаб километр олисда яшайдиган кишилар деб ҳисобламаслигингиздан далолат беради (географик жиҳатдан шундай бўлса-да). Биз яқин инсонлармиз. Ва бу ерда қураётган саройларингиз каби ўзбекона услубда гўзал элчихона қуришга бел боғласангиз, биз сизлар учун Мустақиллик саройи қаршисидан энг яхши жойни ажратамиз", - деди Александр Лукашенко. 

Шавкат Мирзиеёв ушбу таклиф албатта кўриб чиқилишини айтди.

"Беларусда элчихона очиш азалий орзуим эди. Дўстона муносабатлар ҳақида гапирар эканмиз, биз элчихона очишимиз ва кераклича ишлашимиз шарт эди", - деди Ўзбекистон президенти.

"Буни улкан қониқиш билан қўллаб-қувватлайман. Агар лозим бўлса, сизлар бутун Европа ҳудуди бўйича ишлай олишингиз учун Европа марказида ўз ерингиз бўлади",- деди Беларусь раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида шерикликнинг устувор йўналишлари бўйича 19 ҳужжат имзоланди. 

Бундан ташқари, Тошкентда бўлиб ўтган бизнес-форумда умумий қиймати 230 миллион доллардан ортиқ бўлган шартнома ва битимлар имзоланди. 

Мавзуга оид