Ўзбекистон | 07:49 / 15.09.2018
5885
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқчи 

Фото: ICWA

2018 йилнинг 13-14-сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқотининг бешинчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Тадбир Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлилий маркази (ХМАТМ) томонидан Халқаро ишлар бўйича Ҳиндистон кенгаши билан ҳамкорликда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкиллаштирилди. 

Унда Ҳиндистон ташқи ишлар давлат вазири Мобашар Жавад Акбар,  Халқаро ишлар бўйича Ҳиндистон кенгаши бош директори доктор Тирумаллаи Суннувакум Ананданпиллаи Рагавана,  Мавлоно Азад номидаги университет ректори профессор Аҳтарул Васи ҳамда бошқа сиёсий ва экспертлик доиралари вакилларидан иборат Ҳиндистон делегацияси ва  Марказий Осиё давлатлари етакчи тадқиқот марказларининг олимлари ва экспертлари иштирок этди.

“Форум доирасида Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг жорий динамикаси,  барқарор тараққиётга қарши қаратилган хавф ва таҳдид билан биргаликда курашиш,  шунингдек Марказий Осиё давлатларининг Ҳиндистон билан сиёсат,  иқтисод,  хавфсизлик ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлигини чуқурлаштириш борасидаги долзарб таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқиш масалалари бўйича самарали фикр алмашилди.  Панел сессиялар доирасида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда. 

Хабарда айтилишича, форум қатнашчилари Ўзбекистоннинг Афғонистон йўналишидаги сиёсатига юқори баҳо бердилар.  Уларнинг сўзларига кўра,  сўнгги вақтларда Ўзбекистон Афғонистон билан икки томонлама савдо-иқтисодий,  транспорт,  энергетика ва маданий-гуманитар алоқаларни сезиларли даражада кенгайтирди,  афғон муаммосини ҳал қилиш бўйича халқаро чора-тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Шу билан бирга Ўзбекистон “Афғонистондаги сиёсий тартибга солиш жараёни афғонларнинг ўз раҳбарлиги остида ва уларнинг ўз кучлари орқали амалга ошиши керак” деган фундаментал тамойилга содиқ қолади. 

Форум доирасида Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлилий маркази билан Халқаро ишлар бўйича Ҳиндистон кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳам имзоланди.  Ҳужжат ХМАТМнинг ҳиндистонлик ҳамкасблари билан қўшма тадқиқотлар ўтказиш,  мақолалар чоп этиш,  шунингдек қўшма тадбирларни ташкиллаштириш соҳаларида сермаҳсул ва ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича кенг имкониятлар яратади. 

Тадбир доирасида сиёсат,  иқтисод,  энергетика,  транспорт ва маданият соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш борасида икки томонда ҳам катта қизиқиш борлигини тасдиқловчи муҳокамалар бўлиб ўтди.  Мажлис якунларига кўра Марказий Осиё давлатлари ва Ҳиндистоннинг кўп қиррали ҳамкорлигини кенгайтиришга йўналтирилган амалий таклифлар ҳам ишлаб чиқилди.

“Форумнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил октябрь ойида Ҳиндистонга амалга оширадиган ташрифи арафасида бўлиб ўтгани диққатга сазовордир”, - дейилади хабарда. 

Мавзуга оид