Жамият | 09:20 / 17.09.2018
15047
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи трендда!

Бугунги кунда ташқи ва ички туризмни ривожлантиришда хорижий меҳмонлар, маҳаллий аҳоли ва айниқса, ёшларни халқимизнинг бебаҳо маданий-тарихий мероси, миллий ва умумбашарий қадриятлари билан яқиндан таништириш ҳамда оммалаштириш муҳим аҳамият касб этади.

2018 йил 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори чиқди. Мазкур қарорни ижроси юзасидан KUN.UZ таҳририяти журналистлари Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи директори тарих фанлари номзоди Мирзорахимов Аббосжон Шодмонович билан очиқ мулоқот ўтказди. Директор билан суҳбатда музейда жорий этилаётган инновацион технологиялар, музейнинг молиявий аҳволини яхшилаш, хорижий ва маҳаллий сайёҳларни қизиқишини орттириш ва бошқа мавзулар юзасидан мулоқот қилинди.

Мухбир: Аббосжон Шодмонович, айтинг-чи Президент қарорида Сиз раҳбарлик қилаётган музей “Реновация дастури”га киритилибди. Реновация дастури бўйича нима ишларни режалаштирмоқдасиз?

“Биз музейимизда юртбошимизни қарорларини ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. Жумладан,  жорий йилнинг 14 сентябрь куни музейимизнинг “Заргарлик буюмлари” залида “Media content” компаниясининг Сенсор қоплама инновацион ускунаси тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур технология Жаҳон музейлари ичида дастлаб Россия Федерациясида, иккинчи бўлиб эса Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида қўлланилди.

Мухбир: Айтинг-чи, хорижий сайёҳлар учун музейда қандай имкониятлар яратилган?

“Хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича бир қатор ишларни олиб бордик. Жумладан, Ўзбекистондаги деярли барча сайёҳлик фирмалари раҳбар ҳамда ходимларини музейга таклиф қилиб, музейда яратилган шарт-шароитлар билан таништирдик ва улар билан шартнома имзоладик. Биринчи навбатдан “жонли музей” ғоясини илгари сурган ҳолда

-ҳунармандчиликнинг кулолчилик, заргарлик, каштачилик, гиламдўзлик йўналишлари бўйича доимий маҳорат дарслари;

-ўзбек мумтоз куй-қўшиқлари ва миллий фольклор ўйинларини доимий намойиши йўлга қўйилди;

- сайёҳларни музейга ташрифини кенг йўлга қўйиш мақсадида иш вақтини график асосида соат 8.00 дан 20.00 гача узайтирилди.

- шунингдек, доимий равишда музей экспозиция залларини янгилаш, кўргазмалар ўтказиш йўлга қўйилди, жумладан 2018 йилнинг 13 сентябрь куни музей ўзининг қатор ислоҳотлари ва маданий-маърифий тадбирларига старт берди:

  • Музей янги экспозиция залларининг очилиши;
  • Тошкент анъанавий кулолчилик мактаби давомчилари Туроповлар сулоласи вакилларининг кўргазмаси;
  • “Media content” компаниясининг Сенсор қоплама инновацион ускунаси тақдимоти;
  • Ўтов кўргазмаси ва ҳунармандлар кўргазма ярмаркаси;

Мухбир: Президентимиз томонидан ички туризмни ривожлантиришга қаратилган қарорга мувофиқ маҳаллий сайёҳларни жалб қилишда қандай ишлар олиб бормоқдасиз?

Маҳаллий аҳолини жалб қилишда қатор вазирлик ва идораларга мурожаат хати юборганмиз. Унда биз уларга музейимиз тўғрисида чоп этилган китоблар ва буклетлар совға қилдик. Мазкур мурожаатимизга асосан Мудофаа ва Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик қўмитаси ва Бош прокуратуранинг ходимлари жамоавий ва оилавий бўлиб ташриф буюришди.

Шунингдек музейнинг барча ходимлари Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларининг тарихий обидаларини зиёрат қилиб, музейлари билан фикр алмашилди.

Мухбир: Сайёҳлар музейингизда айнан нимага қизиқиш билдирмоқда?

Музейимизга ташриф буюрган сайёҳлар бизнинг халқимиз маданияти, санъатининг барча жабҳаларига қизиқиш билдиради. Айниқса 13 сентябрь куни очилган Ўтов кўргазмаси нафақат хорижий балки маҳаллий сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

KUN.UZ таҳририяти барча юртдошларимизни Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида сақланаётган ноёб, нодир экспонатларни, юртимиз тарихи, маданияти ва санъати дурдоналарини томоша қилишга ҳамда маданий ҳордиқ чиқаришга чорлаб қолади. 

Мавзуга оид