21:25 / 18.09.2018
6956

Тожикистонда ҳамкорликдаги аксилтеррор машғулотларига старт берилди

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятида жойлашган Сўғд гарнизонининг дала ўқув марказида Ўзбекистон-Тожикистон давлатлари махсус бўлинмаларининг ҳамкорликдаги аксилтеррор тактик ўқувларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Унда Тожикистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Бош штаб бошлиғи генерал-лейтенант Эмомали Собирзода, вазирлик ва бошқа куч тузилмалари қўмондонликлари вакиллари ҳамда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари иштирок этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тадбир давомида сўзга чиққанлар томонидан икки давлат ўртасида илк маротаба ўзаро ҳарбий соҳада бундай яқин ҳамкорликнинг ўрнатилиши Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.  

Расмий маросим якунлангач, ҳарбий хизматчилар учун тожикистонлик эстрада юлдузлари томонидан турли-туман қўшиқлар ижро этилди, бу албатта, йиғилганлар кайфиятига ўзгача руҳ бағишлади.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тантанали тадбирдан сўнг, генерал-лейтенант Эмомали Собирзода ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Шунингдек, Ўзбекистон маданияти, миллий қадриятлари, бой тарихи ҳамда Қуролли Кучлари салоҳиятини ўзида акс эттирган кўчма маънавият хонасига ташриф буюрди.

Таъкидлаш жоизки, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари халқаро миқёсдаги турли мусобақа ва танловларда ҳамда ҳамкорликдаги ўқув машғулотларда фаол иштирок этиб, муваффақиятларга эришиб келмоқда.

Top