Давлат тест маркази судда ютқазди. Энди абитуриент талаба бўла оладими?
Жанубий Кореяда ҳар йили ўтказиладиган ўқишга қабул имтиҳонлари тизими (CSAT) ўзининг ижобий томонлари билан бу борадаги қолоқ ва ривожланаётган давлатлар учун ўрнак бўлади. CSAT (college scholastic ability test) – ўқувчиларнинг олий ўқув даргоҳига қабул имтиҳонлари жараёнини англатадиган тизимдир. Бу тизим 1994 йилдан буён самарали ишлаб келмоқда. Тест жараёнлари йилда бир марта, ноябрь ойида ўтказилади. Бу кунни абитуриентлар «инсон тақдири ҳал бўладиган кун» деб аташади.
Ҳукумат имтиҳонлар чиндан ҳам шаффоф ўтишини назоратига олади. Катта бозорлар ишламайди. Кераксиз ёки муқобил варианти бор самолёт рейслари вақтинча тўхтатилади. Шовқинлар даражаси камайтирилади. Мамлакат сокинликка чўмади. Кўчада полиция машинаси ичида имтиҳонга кетаётган абитуриентларга ҳам кўзингиз тушса ҳайрон бўлманг. Полиция ходимлари абитуриентлар имтиҳон биносига кеч қолмаслиги учун кўмаклашаётган бўлади. Улар ёшлар келажак асосчилари бўлишини яхши англашади.
Имтиҳон жараёнларига мансабдор шахслар пул топиш имконияти сифатида қарамайди. Бунга тубанликнинг энг охирги босқичи сифатида қарашади. Улар бу жараёндан фақатгина разил шахслар ўз манфаати йўлида фойдаланади, деб билишади. Улар бу соҳада келажакка деярли хиёнат қилишмайди.
Афсуски, бизда, Ўзбекистонда кириш имтиҳонларида қабиҳ ишлар учраб туради. Одамлар бир-бирини алдайди. Бир томон фарзанди ўқимасдан, тайёрланмасдан, қийналмасдан ва ҳаттоки имтиҳонсиз, пора эвазига ўқишга киришини истаса, иккинчи тараф унга кўмаклашиб ўша ҳаром пулни олиб, боласига едиради. Оқибатда биринчи тарафнинг фарзанди бўлғуси порахўр бўлиб етишади. Нафси йўлида Бенжамин Франклин расми туширилган долларларда пора оладиган шахсга айланади. Иккинчи тарафнинг фарзанди ҳам «ҳаромхўр» бўлади, барча разилликларни қилади. Чунки ҳаром еб катта бўлганда! Вақт ўтиб ота-оналар «Нега, эй Худо? Cенга нима ёмонлик қилгандим?» деб аттанг қилиб қолишади. Лекин кеч бўлади. Бу дунёдаги жазо эса ҳеч нарса эмас...
«Kun.uz» таҳририятига яқинда Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи оила мурожаат қилди. Оила боқувчиси Алишер Раҳимовнинг айтишича, қизи Мухлиса Ахмадуллаева ўтган йили Наманган Давлат университетининг «Хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили йўналиши»га ҳужжат топширган. 1 август куни ўтказилган имтиҳонлар якуни бўйича 59,8 балл тўплаган ва кириш имтиҳонидан йиқилган. Йиллар давомида тайёрланган абитуриент ўз натижасидан ҳайратланган. Шубҳаланган.
Оила Тошкент шаҳрига келиб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига ёзма эътироз билдирган. Эътироз кўриб чиқилган. Уларга тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақаси кўрсатилган. Бу қоғозлар Мухлисаники эмасди.
Улар судга ариза билан шикоят қилган. Отанинг таъкидлашича, Давлат тест маркази директори Мажит Каримов «Агар судда ютсангиз, мен қизингизни албатта ўқишга тиклатиб бераман» деб ваъда қилган.
Ишни Тошкент шаҳар Сергели тумани маъмурий суди кўриб чиққан. Аввалига суд томонидан тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақасидаги ёзувлар сохта ёки сохта эмаслигини аниқлаш мақсадида экспертиза тайинланган. Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази экспертиза ўтказган. Хулосага кўра, қоғозлардаги имзо ва ёзувлар Мухлисаники эмаслиги аниқланган.
Ниҳоят, 2018 йилнинг 19 июль санасида Сергели туман маъмурий суди ҳал қилув қарорини эълон қилади. Давлат тест маркази томонидан тақдим қилинган саволлар китоби ва жавоблар варақаси ҳақиқий эмас деб топилади. Яшасин адолатли суд! Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази зиммасига шикоятни қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилди.
Бироқ, ҳозирга қадар Мухлисанинг ўқишга тикланиш масаласи аро йўлда қолмоқда. Ваъда берган бошлиқ бу унинг ваколати эмаслигини тушуниб етган. Маъмурий суд абитуриентларни талабаликка қабул қилиш Давлат қабул комиссияси ваколатига киришини маълум қилган. Оила қизининг ўқишга тикланишини истайди. Улар жуда кўп ташкилотларга мурожаат қилишган. Лекин натижа йўқ.
Алишер аканинг сўзларига кўра, Давлат тест маркази ходимлари қиздан қоғозлар ўзимники ва даъвойим йўқ деб ёзиб беришини сўраган. Мухлиса рози бўлмаган. Қайта имтиҳон ўтказамиз, ундан ўтсангиз, кейин ёрдам беришимиз мумкин, деб ҳам айтишган. Мухлиса албатта бунга ҳам рози бўлмаган. Ахир қандай рози бўлсин? У ўз ишини 2017 йилнинг 1 августида бажариб бўлган. Жабрланувчилар асл тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақаси топилишини истайди.
Шу ўринда ҳар бир соғлом инсонда саволлар пайдо бўлиши табиий. Тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақасининг «оригинал»и қаерда? Йўқотилганми? Қандай йўқотилган? Ёки нима мақсадда йўқотилган? Йўқ қилинганми? Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази шунчалик беғамлик билан иш юритадими? Энди руҳий зўриқиш билан шифохоналарда даволаниб чиққан бечора қизнинг аҳволи не кечади? Суд қарори туриб нега Мухлисадан Давлат тест маркази ходимлари даъвойим йўқ деб ёзиб беришни сўрашган?
Мурожаатчиларни яқинда Давлат тест марказига чақиришган экан. Фурсатдан фойдаланиб юқоридаги саволларимизга жавоб олиш мақсадида мурожаатчилар билан бирга Давлат тест марказига бордик. Уларнинг ёнида кузатувчи сифатида қатнашмоқчи эдик. Лекин бизни киритишмади. Саволлар масаласида директор ёрдамчиси чиқиб, бу масала билан мурожаатлар бўлими ишлашини айтди. Уларни кутдик, лекин жавоб бўлмади. Кейин Мажит Каримовдан изоҳ олиш учун dtm.uz сайтида берилган рақамга боғландик. Телефонни ёрдамчиси олиб, у йўқлигини ва қўнғироқ қилганимиз ҳақида албатта хабар беришини айтди. Лекин у ердан ҳам ҳанузгача жавоб бўлмади.
Ҳозирда ҳал қилув қарори асосида Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Улар ҳужжатларни сохталаштирган шахсни қидиришмоқда. Бу кўзбўямачилик ва ёлғонларга тез орада барҳам берилиб, жиноятчи ва жавобгар шахслар тез орада жазосини олиши керак. Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги бу масала ҳал этилишини назоратига олади. Вазирлар Маҳкамаси ҳам бу масалада жим турмаслигини кутиб қоламиз. Ҳар ҳолда, ташкилот айнан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида. Мазкур ҳолатга жавобгар бошқа масъул шахслар ҳам жазосини олиши керак.
Яқинда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази сайтида «Алоҳида эътироф этамиз – Давлат тест маркази бундан кейин ҳам барча оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашда давом этади, жамоатчилик билан ахборот алмашишда уларга ишонади» деб жар солган эди. Бироқ буни амалиётда кўрмаяпмиз. ДТМ раҳбарияти билан боғланишга бир неча бор ҳаракат қилдик, натижа бўлмади. Ҳамкорлик қилмоқчи эдик, ташкилот ёпиқ. Бўлган воқеага изоҳ бера олишмади.
Энди бундан буёғига ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолмайди. Президент бошлаётган йўлдан боришга мажбурмиз. Давлат раҳбари ўз жамоаси билан муаммоларни ҳал қилиш учун елиб-югураётган маҳалда ишга совуққонлик билан қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Муаммо борми ҳал қилайлик. Беғам бўлмайлик. Бюджетдан берилаётган пулни ҳалол олайлик. Халқнинг пули у. Эплай олмаяпмизми, жойимизни бўшатиб қўяйлик. Ватан ривожи учун хизмат қилишга тайёр кадрлар топилади.
Зафарбек Солижонов
Kun.uz мухбири
Тавсия этамиз
“Ўргимчак тўри”: Украина қўлидаги карталардан бирини очди
Жаҳон | 21:12 / 04.06.2025
Дунёда фақат бир мамлакат ўзини озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаши маълум бўлди
Жаҳон | 18:47 / 04.06.2025
Исландия собиқ президенти миллий боғга гид бўлиб ишга жойлашди
Жаҳон | 21:25 / 03.06.2025
Урушлар энди ўзгача: «Ўргимчак тўри» операцияси ҳақида
Жаҳон | 22:27 / 02.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Туркияда сайёҳларнинг картасидан 29 млн доллар ўғирлаган гуруҳ аъзолари ушланди
Жаҳон | 22:58
-
Илон Маск АҚШ президенти билан зиддият ортидан янги партия тузишни таклиф қилди
Жаҳон | 22:08
-
Жеймс Кукнинг афсонавий Endeavour кемаси топилди
Жаҳон | 21:48
-
Қирғизистоннинг собиқ президенти Атамбаев Халқаро судда жавоб беришга тайёрлигини билдирди
Жаҳон | 21:12
Мавзуга оид

17:39
Бир нечта ташкилотлар Enter Engineering компаниясини судга берди

15:13 / 02.06.2025
“Африканинг айрим мамлакатларидан ҳам орқадамиз” — сенатор одил судлов масаласида

18:37 / 29.05.2025
Фарғонада танишини қасддан босиб ўлдирган ҳайдовчига ҳукм ўқилди

14:53 / 29.05.2025