Жаҳон | 23:38 / 24.09.2018
4504
1 дақиқада ўқилади

Тожикистон авиакомпанияси Жуковскийга яна рейслар амалга ошира бошлади

Фото: Жуковский аэропорти сайтидан

Тожикистоннинг “Сомон Эйр” авиакомпанияси Душанбедан яна Москва вилоятидаги Жуковский аэропортига уча бошлади. “Душанбе-Жуковский-Душанбе” йўналиши бўйича рейслар ҳафтасига уч марта амалга оширилади.

Рейслар сешанба, пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилади. Бундан ташқари, “Сомон Эйр” Кулоб-Жуковский йўналиши бўйича ҳам душанба, жума ва шанба кунлари рейслар амалга оширади.

Айни вақтгача Душанбедан “Жуковский”га рейслар Россиянинг “Уральские авиалинии” ва “Ют-Эйр” авиакомпаниялари томонидангина бажарилган.

Жорий йил баҳорида Тожикистон авиакомпаниялари томонидан “Жуковский”га парвозларга рухсат олинмагандан сўнг Тожикистон ва Россиянинг авиация соҳасидаги мутасаддилари ўртасида низо чиққан. Баъзи рейсларга ўзаро чекловлар киритилган.  

Бироқ низо музокаралардан кейин муваффақиятли якунланган. Тожикистон ва Россия шаҳарлари ўртасидаги ҳаво алоқасига киритилган барча чекловлар апрель бошида бекор қилинган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид