Жаҳон | 09:19 / 27.09.2018
3919
2 дақиқада ўқилади

2017 йилда дунёда 10 мингдан кўпроқ теракт амалга оширилгани маълум қилинди  

Фото: DPA

Марокаш ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Насир Бурита Террорчиликка қарши бутунжаҳон форуми сессиясидаги нутқида 2017 йилда терактлар сони камайганини маълум қилди. Тадбир БМТ Бош ассамблеяси 73-сессияси доирасида ўтмоқда.        

“2017 йилда 10900 та, яъни 2016 йилдагидан 20 фоиз камроқ теракт содир этилди. 18488 киши уларнинг қурбонларига айланган”, деб қайд қилиб ўтган Бурита.

“Террорчиликка қарши бутунжаҳон форуми давлатлари билан биргаликда сезиларли натижаларга эришилди, бироқ бу барча мақсадлар амалга оширилганини англатмайди. Ҳали енгиш керак бўлган синовлар бор. 2017 йилда умумий терактларнинг 93 фоизи Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Африканинг Саҳрои кабирдан жанубдаги давлатларида содир этилган”, деб таъкидлаб ўтди Бурита.

“Террорчилик жангарилар ва улар оилаларининг ихтилофлар ҳудудларидан қайтиши, кўчиши сабабли бошқа ҳудудларга ҳам борган сари тарқалмоқда. Адоватни ёйиш ва ёллаш билан шуғулланувчи одамлар томонидан солинадиган хавфларни ҳисобга олиб, алоҳида ҳушёрлик намоён қилиш лозим. Форум террорчилик фаоллиги динамикасини тушуниш, жавоб қайтаришнинг самарали сиёсати ва аниқ чораларини ишлаб чиқиш бўйича муҳим роль ўйнайди”, деб айтган Марокаш вазири.

Мавзуга оид