Жамият | 21:14 / 27.09.2018
89109
2 дақиқада ўқилади

«Мачетели безори» қўлга олинди. У каравот остида яшириниб ётган жойида топилди

Бугун, 27 сентябрь куни, соат 15:30 атрофида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида бир ярим ой аввал юз берган воқеа бўйича гумонланувчи ҳисобланган Шоҳрух Жўраев Қобил ўғли қўлга олинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, гумонланувчи қариндошларидан бирининг уйидан топилган. У қўлга олинган вақтида каравот остида яшириниб ётган эди.

«Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, кўрсатилган қаршиликка қарамай, Жўраев Шоҳрух Қобил ўғли қўлга олинди», — дейилган хабарда.

Эндиликда воқеанинг яна бир иштирокчиси қидирувда қолмоқда.

«Жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси Баҳодир Бахтиёрович Юлдашев қидирувда қолмоқда», - дейилади хабарда.

Фото: ИИББ

Тошкентликлар ва пойтахт меҳмонларидан гумонланувчининг турар жойи маълум бўлса, ушбу рақамлар орқали хабар бериши сўралди: 102, 272-98-39, 231-95-13, (98) 362-51-14.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг августида интернетда «Спарк» ва «Жигули» автомобилларидаги бир гуруҳ шахслар ўртасида содир бўлган ҳодиса тасвирланган видео тарқалди. Унда бир гуруҳ безорилар бир йигитни кўчада тўхтатиб, машинасининг ойналарини синдиришган ва ўзини эса дўппослашгани тасвирланганди. Улардан бирида мачете қуроли бор эди.

Кўп ўтмасдан пойтахт ИИББ ахборот хизмати ҳодиса тафсилотларини маълум қилди. 

Унга кўра, жабрланувчи – 23 ёшли А.Ботиржон таниши Шохруҳдан пул қарз олиб, охирги 500 минг сўмни қайтаролмаган. Жўраев Шохруҳ ўз шериклари Бекзод Нуриддинов, Г.Зиёвуддин, М.Музаффар ва И.Абдуғани билан «Ватан» кинотеатри ёнида А.Ботиржон ва М.Жасур бўлган «Спарк» машинасини тўхтатишганди.

Кейинроқ Шохруҳ Жўраев ва Бекзод Нуриддинов қидирувга берилганди. Тез орада 31 ёшли Бекзод Нуритдинов қўлга олинди, Шохруҳ Жўраев эса шу кунгача қидирувда эди.

Мавзуга оид