Иқтисодиёт | 12:14 / 03.10.2018
17374
7 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг йирик онлайн-банк эгаси Олег Тиньковдан етти маслаҳат 

Frost&Sullivan халқаро консалтинг компанияси тадқиқотларига кўра дунёнинг энг йирик онлайн-банки деб топилган Тинькофф банки асосчиси Олег Тиньков «Инқилоб: Дунёдаги энг йирик онлайн-банкни қандай қуриш мумкин» деб номланган китобини ёзди. Китобда у муваффақиятга эришиш сирлари билан ўртоқлашади.

Олег Тиньков
Фото: Forbes Life

Зарарга нисбатан тоқатсизлик

Аксарият стартапларнинг инқирозга учрашининг сабаби, уларнинг беш йиллик зарарни олдиндан режалаштириб олишларидир. Бундай лойиҳалар пулни исроф қилади холос. Тинькофф Банк 2008 йил ноябрда, иш бошлаганидан 18 ой ўтгач даромадга кирган. Биз зарарга тоқат қилолмаймиз. Банк бошқаруви раиси Оливер Хьюз ҳар бир йўналиш бўйича ўз бизнес-режасига эга. Агар белгиланган муддат ичида йўналиш фойда келтирмаса, у ёпилади. Мен зарарга асло тоқат қилолмайман ва буни муваффақиятнинг асосий калити деб биламан. Ҳар қандай компаниянинг бош кўрсаткичи – соф даромад ҳисобланади.

Барқарор жамоа

The Everything Store китобида ўқишимча, Amazon асосчиси Жефф Безос ҳар бир неча йилда топ-менежерларни алмаштирар экан. Гоҳ Google, гоҳ Walmart’дан кимнидир ишга олар экан. Шу билан бирга компания даромад топиш бўйича Walmart’ни қувиб ўтган. Мен бўлсам оилавийликни маъқул кўраман. Топ-менежерларни тинмай алмаштириш нотўғри деб ҳисоблайман. Менга ўзим анчадан буён билган, тушунган одамлар билан ишлаш ёқади. Юқори 20таликда ишлайдиганларнинг 15 нафари, юқори 10таликдагиларнинг эса 8 нафари банкда 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб келаётганлар эканлиги билан фахрланаман. Менимча, барқарор жамоа муваффақият гарови ҳисобланади.  

Биринчи ўринда инсонийлик хислати  

Жамоага одам танлашда биринчи навбатда касб маҳоратига эмас, инсонийлигига қарайман. Техник ишларни икки кунда ўрганиб олиш мумкин, лекин заковат, кўздаги чақноқлик, биринчи бўлиш истаги туғма бўлади. 2006 йилда 25 ёшли Артем Яманов (катта вице-президент бўлди) ва Станислав Близнюк (операцион директор) билан суҳбат қилаётганимда уларнинг салоҳияти юксак эканлигини дарҳол фаҳмлаганман. Адашмаган эканман, улар 10 йилдан ортиқ вақтдан буён ишлаб келишмоқда. Бўлажак вице-президент Кирилл Бобровни ишга қандай олганимиз ҳам ёдимда. Малла сочлари тўзғиган, кроссовка ва йиртиқ жинсида келганди. Дарров тушундим: интернет лойиҳалар билан шуғуллана олади. Агарда костюм-шим ва галстукда, ақлли юз билан келганида уни ишга олмасдим. 2017 йилда «Тинькофф Мобайл»га Yota’да ишлаган икки менежерни олдик. Уларнинг телекоммуникация борасидаги жавобларига эмас, нималарни ўйлаши, қандай орзу-мақсадлари борлигига эътибор қаратдим. Биз юлдузларни сотиб олишга уринмаймиз. Бизнинг жамоамиз ташкилот ичида камолотга эришган кишилардан иборат. Агар сиз бирор йигитнинг қизини тортиб олсангиз, ишонинг, у кейинчалик сизни ҳам ташлаб кетади. Юлдузлар ҳам худди шунақа.

Фото: Getty Images

Хавотир

Бизнесда фақат хавотирда юрадиганларгина тирик қолади. Тинькофф Банк тарихига назар ташлайдиган бўлсангиз, бунга ишонч ҳосил қиласиз. Бизда ҳеч қачон қатъий ишонч бўлмайди. Биз ҳар доим шубҳаланамиз, иккиланамиз, ишонмаймиз, бир-биримиз билан баҳслашамиз, маҳсулотдан қониқмаймиз. Мен ривожланиш учун доимий танқид керак деб ҳисоблайман. Ғарб менталитети бироз бошқача. Масалан, Ричард Брэнсон доим «одамларни мақташ керак, яхши нарсалар ижобий муҳитда пайдо бўлади» дейди. Мен эса бошқача ёндашаман. Болаларимни ҳам, хотинимни ҳам, ходимларни ҳам мақташни ёқтирмайман. Ва бизнинг компаниямизда хавотирли танқидий муҳит ҳукмрон. Бозорда ҳаммасини тўғри бажараётганимизни айтишади, ичкарида эса бундан қониқмаймиз: баҳслашамиз, сўкишамиз. Мана шу курашда супермаҳсулотлар яратилади. 

Асосчининг иштироки 

Ҳар қандай бизнесда барча нарсани жамоа ҳал қилади, аммо одамларни идеаллаштириш керакмас. Асосчининг иштироки муваффақиятга эришиш имкониятини кескин оширади. Банкнинг муваффақиятга эришишида менинг мунтазам шу ерда бўлишим асосий роль ўйнаган деб ўйлайман. Банклар хўжайинлари офисга кам келишади, мажлисларда кам қатнашишади ва ходимлар билан кам мулоқотда бўлишади. Ташкилотни кимлар ишлаётганини билмасдан, ички муҳит қандайлигидан бехабар ҳолда қандай бошқариш мумкин. Бизнесни ҳис қилиш учун ҳар куни олти қаватли бош офисимизнинг ҳар бир қаватида бўламан. Бир йилда беш-олти марта кол-марказларимизга бораман. Бир ҳамкасбим ҳар куни статистикани кўриб чиқишимдан ҳайрон қолганди. Бизда 2007 йилдан буён кунлик статистик ҳисобот чиқади. Офисда бўламанми, Камчаткада чанғи учаётган бўламанми ёки Астраханда балиқ овлаётган бўламанми, статистик ҳисоботни диққат билан кўздан кечириб чиқаман. Агарда бирор тушунарсиз ёки ғайриоддий кўрсаткичга кўзим тушса, вице-президентга савол билан мурожаат қиламан. Рақамларни кўриб чиқамиз, кўнгилсизликларнинг олдини оламиз.

Фото: РИА Новости

Режалаштириш муддати

Менежерлар йиллик бонусларни деб банкнинг келгусидаги фаолиятига зарар етказувчи қарор қабул қилмасликлари керак. Биз беш йил кейинни ўйлаймиз, бу йилги фойдани эмас. Кредит бизнесида қисқа масофа бўлмайди.  

Эҳтимолий инқирозга бардош бериш учун мустаҳкам асос бўлиши лозим. Агарда кўтарилиш даврида жиддий даромад олмасангиз, пасайиш даврида зарарга кирасиз. Фақат 12 ой олдинга қарайдиган бўлсангиз, бозор сизни албатта ҳушёр торттириб қўяди. Биз ойига 250 мингта кредит картаси чиқарамиз. Сиёсатимизни бўшаштириб ва рекламага катта эътибор қаратиб миллионта карта тарқатишимиз мумкин. Бу ажойиб, лекин бемаъни ҳаракат бўлади: олти ойдан кейин ҳолимизга маймунлар йиғлайди. Кредит карталари математик, зерикарли, майда бизнес. Уни узоқ муддатга режалаштирасан, аммо ҳар куни бошқарасан. Ҳар бир ишнинг ўз нозик жиҳатлари бор. Доимо камида беш йиллик режа бўлиши даркор.

Кичкина компания тушунчаси

Йиғилишларда кимдир «биз каттамиз» деб қолади, бироқ мен ҳар доим эътироз билдираман. Бу ёлғон ёки бўрттириш эмас. Ҳа, биз жаҳондаги энг йирик онлайн-банкмиз, аммо Россияда кредит ташкилотлари орасида активлар бўйича атиги тўртинчи ўнликда турамиз. Мен «кичкина»ларни эпчил, абжир, дадил деб тушунаман — улар вазиятга нисбатан тезда ҳаракат қилишади, бозордаги хатар, муҳит ўзгариши, ички муаммоларга тез жавоб қайтаришади. Ҳозирда банкнинг 7 млн мижози бор. Мижозларимиз 20 млнга етганида ўзимизни катта деб ҳисоблаш ҳақида ўйлаб кўрамиз. 

Мавзуга оид