12:58 / 08.10.2018
18323

Глобал иқлим ўзгариши қандай фалокатли оқибатларга олиб келиши тасвирлаб берилди

Фото: REUTERS

Иқлим ўзгариши бўйича БМТ ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи (IPCC) парник газларни чиқариб ташлаш ҳозирги даражада сақланиб қолса, сайёрани қандай оқибатлар кутаётгани тасвирлаб берилган ҳисоботни эълон қилди.

Ҳисоботни тузишда иқлим ўзгариши бўйича 6 мингдан ортиқ илмий ишларни таҳлил қилган 40та мамлакатдан бўлган олимлар иштирок этишди. Унда билдирилишича, ўрмон ёнғинлари, қурғоқчилик, ҳосилсизлик ва маржон қояларнинг йўқ бўлиб кетиши каби табиий офатлар Ерга 2040 йилга келиб жиддий таҳдид уйғотади, яъни ҳозирги авлод ҳаёти даврида.

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, парник газлар чиқариб ташланишининг ҳозирги даражаси сақланиб қоладиган бўлса, 2040 йилга келиб атмосфера ўртача ҳарорати 1,5 даражага кўтарилади ҳамда бу илгари тахмин қилинганидан анча олдин юз беради. Шу билан бирга, «ҳароратнинг бир ярим даража ўсишини чеклаш барча ижтимоий соҳаларда тез, узоқ муддатли ва мисли кўрилмаган ўзгаришларни талаб қилади», - дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот муаллифларининг баҳолашича, глобал миқёсда иқлим ўзгариши оқибатида юзага келадиган зарар 54 триллион долларни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фалокатли қурғоқчилик яқинлашиб келаётгани тахмин қилинганди.

Top