Жаҳон | 10:57 / 09.10.2018
34089
3 дақиқада ўқилади

«Ҳарбий шифокор ва ГРУ зобити». «Александр Петров»нинг ҳақиқий исми маълум қилинди

Солсберидаги заҳарлаш билан боғлиқ ҳолатда гумонланаётган «Александр Петров» ГРУ зобити Александр Мишкин бўлиб чиқди. Бу ҳақда The Insider интернет-нашри ва Bellingcat тадқиқот гуруҳининг қўшма текширувида айтилади.

Фото: EPA 

Bellingcat’нинг ёзишича, Мишкин 1979 йил 13 июлда Архангельск областининг Лойга қишлоғида туғилган, энг нуфузли ҳарбий тиббий академиялардан бирини тамомлаган, у ерда Россия ҳарбий-денгиз флоти учун ҳарбий шифокор касбини эгаллаш учун таҳсил олган. Bellingcat маълумотларига кўра, Мишкин ўқиш пайтида ГРУ хизматига кирган ва 2010 йилда Москвага кўчиб ўтган.

Нашрдан билдирилишича, Москвада Мишкин Хорошевский шоссе, 76-б уйда рўйхатдан ўтган - бу манзил Россия Мудофаа вазирлиги Бош штаб Бош бошқармасининг қароргоҳи манзилига тўғри келади (собиқ ГРУ).

Би-би-си бу маълумотни россияликлар шахсий маълумотлари базалари биридан тасдиқлатиб олди.

Москвага кўчиб ўтиш ва «Александр Петров»га айланишдан олдин Мишкин Киров номидаги Ҳарбий тиббиёт академиясида ўқиган бўлиши мумкин. 2007 йилда Мишкин Санкт-Петербургда, Академик Лебедев кўчаси, 12-уй манзили бўйича рўйхатдан ўтган - бу академия ётоқхонасидир. Петербургда у паспорт ва шахсий ҳисоб рақами суғуртасини олган.

Киров номидаги Ҳарбий тиббиёт академияси - Россияда ҳарбий шифокорларни профессионал тайёрлаш бўйича асосий марказ. Академияда олтита ҳарбий тайёргарлик факультети ва битта оддий шифокорларини тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш факультети мавжуд. Ҳарбий хизматчилар учун олтита факультет орасида ҳарбий-денгиз флоти учун шифокорлар тайёрлаш факультети ҳам бор.

Россия Мудофаа вазирлиги веб-сайтида кўрсатилишича, академия курсантлари соҳил объектлари ва атом энергетика қурилмаларига эга кемаларда радиация хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий-денгиз флотининг турли объектларида радиация авариялари оқибатларини бартараф этишнинг тиббий жиҳатларига ҳам ўқитилади.

Ўз навбатида, Лондон полицияси The Insider ва Bellingcat нашрларининг хабарига изоҳ беришдан бош тортди, дея маълум қилди Reuters.

«Биз уларнинг гумондор шахслар мавзуси бўйича тахминларига изоҳ бермаймиз», - дейилади баёнотда.

Reuters’нинг таъкидлашича, аввалроқ Британия полицияси Скрипалларни заҳарлашда гумон қилинаётган Александр Петров ва Руслан Боширов тахаллусдан фойдаланганликлари ҳақида маълум қилган.

Мавзуга оид