Жаҳон | 22:19 / 10.10.2018
16942
2 дақиқада ўқилади

Давлатлар ўртасида янги темир тўсиқлар барпо этилмоқда – Нурсултон Назарбоев

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остонада дунё ва анъанавий динлар етакчиларининг VI қурултойини очди. Назарбоев Остонада аввалги қурултойларда қабул қилинган қарорлар катта таъсирга эга бўлганини айтган.

“Бу муҳим, чунки дунё, афсуски, турбулент ҳолатга кирди. Барчамизни, сиёсатчи ва диний арбобларни, санкциявий қарама-қаршиликлар, динлараро, динлар ичидаги зиддиятлар, савдо урушлари, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ташвишлантирмаслиги мумкин эмас. Маданиятлараро ихтилофлар ҳозирги илмий-технологик тараққиёт фонида бемаъни кўринади. Бироқ инсониятнинг келажаги кўриниши, биз умумий сайёрамизни бўлғуси авлодларга қандай кўринишда топшира олишимиз ҳозир шаклланмоқда. Биз 3-мингйилликда 18 йил яшаётганимизга қарамай, тинчлик, фаровонлик ва тўқчилик инсониятни ривожлантиришнинг асосий тенденциялари бўла олмади. Дунё ҳамжамияти ўзаро ишончсизлик, адоват ва ихтилофга боришнинг мудҳиш доирасидан чиқа олмади. Биз давлатлар ва сиёсий блоклар ўртасидаги вазият нафақат тўғирлангани, балки  ёмонлашганини, янги деворлар, темир тўсиқлар барпо этилаётганини кўрмоқдамиз”, деб айтган Қозоғистон президенти.   

Назарбоев ўз нутқида Қозоғистон анъанавий тарзда давлатлар ўртасидаги ишончни тиклаш, мустаҳкамлаш устида ишлаётганини қайд қилиб ўтган.

Жорий йилда қурултой “Диний етакчилар хавфсиз дунё учун” мавзусида ўтмоқда. Икки кун давомида форум иштирокчилари диннинг замонавий дунёдаги роли, барча динларнинг асосий маънавий қадриятларини муҳокама қилишади. Қурултой ўтказилиши муносабати билан Остонага энг йирик конфессиялар ва динлар етакчилари ташриф буюришган.

Халқаро форумни ўтказиш ғояси Нурсултон Назарбоевга тегишли бўлиб, 15 йил аввал, 2003 йилда Остонада дунё ва анъанавий динлар етакчиларининг биринчи қурултойи бўлиб ўтган. Ўшандан бери форум ҳар уч йилда бир марта Остонада ўтказиб келинади.

Мавзуга оид