11:11 / 11.10.2018
4380

Буэнос-Айресда навбатдаги медаль. Ўзбекистон термасининг энг ёш аъзоси бронза соҳиби бўлди

Фото: Reuters

Аргентинада ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари давом этмоқда. 10 октябрь кунги мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси иккита медаль қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Сешанба кунги беллашувларда гимнастика бўйича микст мусобақаларида Индира Ўлмасова бронза медали соҳибасига айланди. Миллий олимпия қўмитаси берган маълумотга кўра, 14 ёшли ушбу атлет Ўзбекистон терма жамоасининг энг ёш спортчиси саналади.

Баҳсларда жаҳон гимнастикаси афсоналари шарафига номланган жамоалар иштирок этди. Эътиборлиси, Индира Ўлмасова қуръа натижаларига кўра ўзбекистонлик афсона – Оксана Чусовитина шарафига номланган жамоа сафида беллашувларда қатнашди. Спортчилар аралаш жуфтлик, трамполин, бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси бўйича кураш олиб боришди. Индира билан биргаликда «Оксана Чусовитина» жамоаси сафида АҚШ, Буюк Британия, Миср, Гватемала, Швеция, Австралия, Япония, Германия, Аргентина ҳамда Грециядан ташриф буюрган спортчилар иштирок этишди. Индира мусобақа давомида таяниб сакраш, брус, ходадаги ва эркин машқлар бўйича чиқиш қилди.

Мусобақада биринчи ўринни «Симона Байлз» жамоаси эгаллади. Иккинчи ўриндан «Макс Уитлок» жамоаси вакиллари жой олишди. «Оксана Чусовитина» жамоаси эса кучли учликка якун ясаб берди.

Тўртинчи кунда Ўлмасовадан ташқари дзюдочи Жайҳунбек Назаров ҳам совриндор бўлди, у Ўзбекистон делегацияси ҳисобига илк олтин медални олиб берди. Миллий олимпия қўмитаси чемпион ўзбек спортчисининг фикрлари билан ўртоқлашди.

«Жамоамиз баҳсларни ишонч билан ўтказди ва биз якунда олтин медаль қўлга кирита олдик. Ўзим финалда испаниялик рақибимни мағлуб эта олдим. Яккалик баҳсларида унга имкониятни бой бериб қўйгандим. Бу сафар омад мен томонда бўлди. Аламли мағлубиятдан сўнг мен жангга яна тайёрлана олдим ва уни мағлуб этдим. Ўсмирлар Олимпия ўйинлари шоҳсупасида ғолиб сифатида туриш – бу сўз билан тасвирлаб бериб бўлмайдиган ҳислардир. Қўллаб-қувватлаганингиз учун барчага раҳмат», – дея таъкидлаган Назаров.

Жайҳунбек Назаров - олтин медаль соҳиби
Фото: Анвар Ильясов

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрда Улуғбек Рашитов (таэквондо, кумуш), 8 октябрда эса Нилуфар Ермагамбетова (дзюдо, бронза) шоҳсупага кўтарилган эди.

Шу тариқа, айни пайтга келиб Ўзбекистон ҳисобида 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медали мавжуд. Мусобақалар 18 октябрда якунланади.

Top