Спорт | 10:39 / 22.10.2018
3987
2 дақиқада ўқилади

Ўсмирлар Олимпиадасида иштирок этиб қайтган Ўзбекистон делегацияси тантанали равишда кутиб олинди

Аргентина пойтахти Буэнос Айрес шаҳрида ташкил этилган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон делегацияси 21 октябрь оқшомида Тошкентга қайтиб келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида уларни тантанали кутиб олиш маросими ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, спортчиларнинг яқинлари, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди, деб ёзади МОҚ расмий сайти.

Маросимда президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов нутқ сўзлаб, мусобақада муваффақиятли иштирок этган ёш спортчилар ва уларнинг мураббийларини табриклади ва қўлга киритилган ютуқлар миннатдорчилик билдирди. Ўз навбатида, Олимпиаданинг олтин медали соҳиблари Кумуш Файзуллаева ва Умид Жалолов сўзга чиқиб, бундан кейинги муҳим мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этишга ваъда берди.

Эслатиб ўтамиз, 6-18 октябрь кунлари бўлиб ўтган ўсмирлар Олимпия ўйинларида Ўзбекистондан 37 нафар атлет спортнинг 16  баҳсларда қатнашди ва якунда 16 та медални (5 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза) қўлга киритди. Делегация медаллар сифати бўйича умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади.

Маълумот учун, ўзбекистонлик ўсмирлар 2010 йилги Сингапур олимпиадасида 2 та кумуш ва 4 та бронза билан умумжамоа ҳисобида 62-ўринни, орадан тўрт йил ўтиб Нанкинда 2 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалларини кўлга киритган ҳолда 27-ўринни банд этган.

Ўсмирлар Олимпиадаси якунлари. Энг кўп медални Ўзбекистон қайси спорт турларида қўлга киритди
Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид