Жамият | 19:05 / 11.10.2018
66340
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида фавқулодда ҳолат кузатилди. Метрополитен маъмурияти расман изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

Бугун, 11 октябрь куни тушдан сўнг Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишида йўловчилар поездни 40 дақиқагача кутишга мажбур бўлишди. Бекатга келган поезд эса бир муддат жойидан силжимаган ва ҳаракатсиз поездлар метрога тушиб келган йўловчилар билан тўлиб-тошган.

Тошкент метрополитени маъмурияти бу тушунарсиз вазият бўйича изоҳ берди.

«2018 йил 11 октябрь куни соат 14дан 24 дақиқа ўтганда Чилонзор метро линиясининг «Олмазор» бекатида 14-сонли машрут бекатнинг айланиш жойига келганда техник носозлик туфайли тўхтаб қолган. Ундан кейин келаётган поездларни айлантириш имконияти бўлмаган. Шу сабабли метродаги поездлар ҳаракат жадвалини сақлаш ҳамда йўловчиларга қулайлик яратиш, шунингдек, поездлар оралиғидаги масофа чўзилиб кетишининг олдини олиш мақсадида «Пахтакор» бекатида вақтинча поездлар иккинчи йўлга айлантирилиб, ҳаракати ташкил қилинди. Бу жараёнда поездлар қатновининг оралиқ масофаси 17 дақиқани ташкил қилди. Юз берган техник носозлик жами 35 дақиқада бартараф қилинди ва метро поездлари яна ўз жадвали асосида ҳаракатини давом эттирди.  

Бундай техник носозлик туфайли юзага келган ноқулайлик учун Тошкент метрополитени маъмурияти барча йўловчилардан узр сўрайди», дейилади изоҳда.

Мавзуга оид