20:34 / 12.10.2018
12026

Ўзбекистон: Ёшлар мавзуси - Шавкат Мирзиёев учун энг долзарб соҳа!

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи доирасида Франциянинг Марказий Осиё давлатлари янгиликларига ихтисослашган нуфузли интернет сайти бўлмиш «Novastan.org» сайтида Ўзбекистонда ёшлар сиёсати ва Ёшлар иттифоқининг фаолиятига оид «Ўзбекистон: Ёшлар мавзуси - Шавкат Мирзиёев учун энг долзарб соҳа!» деб номланган мақола эълон қилинди.

Мақолада Марказий Осиё аҳолисининг ярмини ташкил қилувчи Ўзбекистон аҳолиси демографик жиҳатдан ёш экани ва шу сабабдан ҳам Ўзбекистонда «ёшлар сиёсати» муҳим ўрин эгаллаши алоҳида таъкидланган. Жумладан мақолада шундай дейилади: «33 миллион киши яшайдиган Ўзбекистон аҳолисининг тахминан 20 фоизи 15-24 ёш атрофидадир. Бу аҳолининг демографик жиҳатдан ёш эканлигини, шу сабабдан давлат ёшларга оид аниқ ва самарали сиёсат бориши лозим эканлигини кўрсатади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 октябрь кунлари Францияга ташрифи Ўзбекистоннинг ёшларга сиёсатини таништириш учун айни қулай фурсатдир».

Шундан кейин мақола собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистонда советларнинг ёшлар сиёсати амал қилгани, мустақилликдан кейин эса «Камолот» ҳаракати ва «Камалак» ташкилотлари тузилганини қисқача эслатиб ўтади. Ундан сўнг, «Камолот» ёшлар ҳаракати самарасиз фаолият олиб боргани ва натижада бундан на давлатга, на ёшларга фойдаси бўлгани таъкидланади. Шу сабабдан 2016 йилда президентликка келган Шавкат Мирзиёев зудлик билан бу ҳаракатни тугатиб, унинг ўрнига 2017 йил 27 июнда «Ёшлар иттифоқи»ни ташкил қилгани ҳамда «Камалак» ташкилотида тегишли ислоҳотларни амалга оширгани айтилади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда мактабгача таълим вазирлиги ташкил қилингани қўшимча қилинади. Сўнгра президентнинг ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлари учун қилинган ишлар санаб ўтилади.

Қуйида мақоладан парчани келтирилади:

«Ҳозирда Ёшлар иттифоқи ва «Камалак» болалар ташкилоти жами 10 миллион нафардан ортиқ ёшларни бирлаштиради. Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилди...

Дастурлари тўлиқ ёшларга бағишланиши учун «Ёшлар» телеканали акцияларининг 50 фоизи ва «Менинг юртим» телеканали акцияларининг 51 фоизи «Ёшлар иттифоқи»га берилди. Бундан ташқари, ёшларнинг муаммолари телевидение орқали жонли экранда муҳокама қилиниши учун «Ёшлар пресс клуби» ҳам ташкил қилинди.

Ёшларнинг турар-жой билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш мақсадида 2018–2021 йилларда кўпқаватли бинолар барпо этиш режалаштирилди. Банклар ёшларга уй ёки машина сотиб олишлари учун кредитлар ажрата бошлади. Кенгроқ доирада эса, Ёшлар иттифоқи Қозоғистон, Россия ва Хитой каби кўплаб хориж давлатларидаги ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қила бошлади. Иттифоқда «Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси» фаолияти ташкил этилиб, хорижда ишлаб юрган ёки таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан ҳам алоқалар йўлга қўйилди».

Мақола «Ёшлар Иттифоқи»нинг фаолияти ва ўзбек оммасининг ёшлар муаммоларига нисбатан муносабатига холис баҳо бериш билан якунланади: «Тўғри, «Ёшлар иттифоқи» ва «Камалак» ташкилотларининг фаолиятлари фақатгина муваффақиятлардангина иборат эмас. Аксинча, улар баъзида «Камолот» ҳаракати йўл қўйган хатоларни такрорлаб турадилар. Уларнинг ҳар бир ташаббуслари иштимоий тармоқларда қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлади. Ҳатто баъзан «Ёшлар иттифоқи» Ўзбекистоннинг энг кўп танқид қилинадиган ташкилотидай тасаввур пайдо бўлади.

Бироқ мазкур танқидларнинг мавжуд эканлиги ўзбек оммасининг ёшлар муаммоларига бефарқ эмаслигини кўрсатиб беради. Шу маънода, Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар соҳасига жиддий ёндашиши ва ёшлар учун барча шароитларни яратиб бериши ўзбек оммасининг ёшлар муаммоларига нисбатан муносабати билан уйғундир. Энди, яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш «Ёшлар иттифоқи» ва «Камалак» ташкилотларининг ўз қўлларидадир».

Top