Жаҳон | 22:00 / 14.10.2018
29966
2 дақиқада ўқилади

«Жиддий чоралар»: Саудия Арабистони Ғарбнинг санкциялар таҳдидига жавоб қайтарди

Фото: Murad Sezer / Reuters

Саудия Арабистони мамлакатга қарши қўлланиладиган санкцияларга жавобан ўзининг жаҳон иқтисодиётида тутган ўрнидан фойдаланишга тайёр. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги хабар берган, деб ёзмоқда Bloomberg.

«Қироллик ўзига қарши қўлланилган ҳар қандай чораларга янада қатъийроқ чоралар билан жавоб қайтарилишини таъкидлайди, — деб хабар берган ТИВ. — Қироллик иқтисодиёти жаҳон иқтисодиётида таъсирли ва асосий ролни ўйнайди».

13 октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп агар журналист Жамол Қошиқчининг йўқолишига Саудия Арабистони алоқадор бўлиб чиқса, Ар-Риёдга нисбатан «қатъий жазо чоралари» қўлланилишини айтиб таҳдид қилганди. Трамп мазкур ахборот тасдиқланса, АҚШ «жуда ғазабга келиши ва норози бўлиши»ни қайд этиб ўтган.

Британиянинг Independent газетаси ўз навбатида, Британия ҳокимияти Қошиқчининг йўқотилиши муносабати билан санкцияга дучор қилинадиган саудиялик амалдорларнинг рўйхатини тузишни бошлаб юборгани ҳақида ёзиб чиқди.

Washington Post журналисти Жамол Қошиқчи ўзини Саудия Арабистонидан қочган кўнгилли қочоқ ҳисоблар, у Туркияда яшаб, Саудиянинг жорий ҳокимиятини танқид остига олиб келар эди.

2 октябрь куни журналист ўтказиладиган тўйи арафасида ҳужжатларни олиш учун Саудиянинг Истанбулдаги консуллигига кирган, шундан бери уни ҳеч ким кўрмаган. Туркия ҳокимияти Қошиқчининг консулликда ўлдирилганини исботловчи видео ва аудиоёзувларга эга эканлигини таъкидламоқда. Анқаранинг маълумотларига кўра, Қошиқчининг йўқолишидан бир неча кун аввал Саудия консуллигига 15 нафар саудияликлар келган ва улар журналистни қатл қилишган. Ар-Риёд барча айбловларни рад этмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид