Light | 11:09 / 15.10.2018
43850
6 дақиқада ўқилади

Жаҳон миллиардерлари рейтинги қандай қилиб тузилади?

Бир асрки бу рейтинг дунё аҳлини ўзига оҳанрабодек тортади. Чунки ўзганинг бойлигини санаш кўпчиликка хос хусусият. Хўш, жаҳон миллиардерлари рейтинги қандай қилиб тузилади? Қандай услублардан фойдаланилади ва кимлар бу рейтингдан жой олиши мумкин?

Фото: The Telegraph

Бундан юз йилдан ортиқроқ вақт муқаддам, 1917 йилда Берти Чарльз Форбс ўз номидаги журналга асос солганида ва дастлаб 1918 йилда 30 нафар миллиардернинг рўйхатини тузиб, эълон қилганида бу рейтинг бунчалар оммалашишини ўзи ҳам билмаган бўлса керак.

Жон Рокфеллер ўзининг 1,2 миллиард доллари билан етакчилик қилган бу рўйхат ўша пайтлардаёқ катта шов-шувга ва табиийки улкан можароларга сабаб бўлганди. Кимдир бу рўйхатда ўзининг ўрни пасайиб қолганидан шикоят қилган бўлса, бойлигини сир тутишни, жиноий тўдалар ва энг муҳими солиқчилар эътиборини тортишни хуш кўрмайдиган қайсидир миллиардер аксинча бу рўйхатга кириб қолганидан норози бўлганди.

Чунки Форбс томонидан бу рўйхат тузилгани ҳолда унда холислик етишмас, ҳаммаси бир кишининг тахминий ҳисоб-китобларига асосланганди. Ўша даврларда холис рейтинг тузишнинг ўзи ҳам қийин эди. Чунки молияда ҳозиргидек шаффофлик йўқ, аксарият бойликлар “кўрпалар қатида” сақланарди.

Йилдан йилга “Форбс” рейтинги мукаммалашиб борди. Ҳозирда ҳам бу рейтингдан норозилар чиқиб қолади. Охирги шундай можаро АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп номи билан боғлиқ. Трамп президентликка сайланганидан сўнг, 2016 йил якунларига кўра рейтингда 1 миллиард йўқотгани ҳолда 220 ўринга пастлаб кетди ҳамда камтарона 544-ўриндан жой олди. Ўшанда Трамп камида 5 миллиард долларга эга эканлигини таъкидлаб, Форбс мутахассисларини нохолисликда айблаганди.

Умуман “Форбс” рейтингини тузишда бир нечта умумий ва ўзига хос қоидалар мавжуд.

Фото: Depositphotos

1. Рейтингга авлоддан авлодга ўтувчи бойликларга эга шахслар киритилмайди. Мерос тариқасида олинган бойлик меросхўрлар орасида бўлинган ва ҳар бир шахсники аниқ бўлиши керак. Агар улкан мерос фарзандлар ўртасида бўлинмаган, аммо зиддиятларсиз тақсимланиши аниқ бўлса, барча фарзандлар бир хил миқдорда бойлик билан кўрсатилади;

2. Рўйхатга сулолалар, ўз халқининг бойлигини ўз бойлиги сифатида қаровчи монархлар киритилмайди. Лекин шундай тоифалар учун асосий рейтингдан ташқари алоҳида рўйхат шакллантиради ва улар бойликни қандай тасарруф этаётганлари таҳлил қилиб борилади;

3. Ҳокимият бошқаруви ортидан бойлик орттирган диктаторлар, жиноий тўдалар раҳбарлари, асосий бойлигининг келиб чиқиш манбалари маълум бўлмаган бадавлат инсонлар “Форбс” рейтингидан жой ола билмайди;

4. Шунингдек, ўз давлатини сир сақловчи, компанияларининг ёки қимматли қоғозларининг биржа қиймати номаълум, тасарруфидаги бойликларни эълон қилган ва рейтингга киришга даъвогар бўлган, аммо маълумотларни текшириш имкониятини бермайдиган “бой”лар “Форбс”ни орзу қилиб қўя қоладилар.

Шу ўринда гап бош рейтингда – миллиардерлар рўйхати ва АҚШдаги асосий журнал ҳақида кетаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳар сонида 60 дан ортиқ таҳлилий мақола жой олувчи “Форбс” журнали тижорат лойиҳаси эканлигини, бунинг ортида ҳам бизнес ётганини унутмаслик лозим. Журнал маълум ҳақ эгасига асосий рўйхатга кира олмасада, “Форбс” журналида кўриниш беришни, бизнес лойиҳаларини таништиришни истовчи, ёки шунчаки бойлигини кўз-кўз қилувчи бойваччалар ҳақида ҳам мақолалар чоп этади. Фақат бундай саҳифаларни эгаллаш учун 80 мингдан бир неча миллион долларгача ҳақ тўлаш лозим бўлади ва табиийки бу мақолалар реклама мақомида бўлади.

“Форбс” рейтинги йилдан йилга шу қадар шиддат билан ўзгариши ҳам алоҳида эътиборга молик. Айниқса, узоқ йиллар рўйхатни бошқаришига ҳамма кўникиб қолган, бир вақтлар дунёнинг биринчи триллионери бўлиши ишонч билан айтилган 62 ёшли Билл Гейтснинг арзимаган икки-уч йил ичида 54 ёшли Жефф Безосдан анчагина (97 миллиардга қарши 160 миллиард) ортда қолишини ҳеч ким кутмаганди. Ёки кимсан Билл Гейтсни тахтдан ағдарган Карлос Слим Элунинг қисқа муддат ичида Марк Цукербергдан ортда қолиб (67 миллиардга қарши 71 миллиард), олтинчи ўринга тушиб кетишини кўпчилик тасаввур қила олмасди.

Маълумот ўрнида: 2018 йил биринчи ярмида дунё бўйлаб 2208 миллиардер борлиги қайд этилган. Бу 2017 йилга нисбатан 165 нафарга ортиқ. Уларнинг ўртача бойлиги 4,1 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади ва бу маблағ кўпчилик давлатлар ялпи ички маҳсулотидан ҳам кўпдир. Умумий ҳисобда дунё миллиардерларининг бойлиги 9,1 триллион долларига тенг ҳамда бу ўтган йилга нисбатан 1,4 триллион долларга кўпроқ.

40 миллиард долларга эга одам фақат илк 20 таликка кириши мумкин бўлган бу рўйхатда 50 миллиард доллари бор одам кучли 10 таликдан ҳам жой ола олмайди.

Сўнгги маълумотларга кўра миллиардерларнинг дастлабки ўнлиги қуйидагича:

Мавзуга оид