Жаҳон | 22:49 / 15.10.2018
6960
2 дақиқада ўқилади

Трамп саудиялик журналист ўлдирилган бўлиши мумкинлигини айтди

АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон саудиялик журналист Жамол Қошиқчи йўқолишининг тергов қилиниши масаласида охиригача бормоқчилигини маълум қилди.

Трамп 15 октябрда Саудия Арабистони подшоҳи Салмон билан телефон орқали мулоқотда Қошиқчининг Истанбулда йўқолиши мавзусини муҳокама қилганини айтиб ўтган. Трамнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони подшоҳи журналистнинг тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтган. 

АҚШ раҳбарининг маълум қилишича, у давлат котиби Майкл Помпеога бир соат ичида самолётга ўтириб, Саудия Арабистонига жўнашни буюрган, у зарурат бўлса, Туркияга ҳам ташриф буюради. 

“Подшоҳ Қошиқчининг тақдири ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди. Менга Қошиқчининг қотиллари бирор муттаҳамлар бўлиши ҳам мумкиндек туюлмоқда. Ким билсин? Нима бўлишидан қатъи назар, АҚШ буни тергов қилишда охиригача бормоқчи”, деб айтган Трамп.

АҚШнинг Washington Post нашри учун мақолалар ёзувчи журналист Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигига ташриф буюргач, изсиз йўқолиб қолган. Туркия полицияси маълумотларига кўра, Қошиқчи 2 октябрда маҳаллий вақт билан соат 13:12 да Саудия Арабистони консуллиги биносига кириб кетиб, консулликдан қайтиб чиқмаган.    

Мавзуга оид