Жамият | 15:34 / 17.10.2018
29401
3 дақиқада ўқилади

«Ўйноқи» газ. «Kun.uz» сўрови

Совуқ тушди дегунча республиканинг кўплаб ҳудудларида, айниқса қишлоқ жойларда уйларни иситиш муаммоси кўндаланг бўлади: узлуксиз газ таъминоти бўлмаган жойларда яшовчилар муқобил ёқилғи ғамлаш ва печкаларни тайёрлаш ташвишига тушади.

Шу билан бирга, бу қувурларда газ бориб турадиган ҳудудлар муаммодан холи, дегани эмас. Бундай жойларда яшовчиларнинг ҳам ўз муаммолари бор. Шулардан бири – қувурлардаги газ босимининг «ўйнаши» ва газнинг «ўчиб-ёниб» туриши.

Аҳоли газ босими «ўйнаши» ва ўчиб-ёнишидан чорак аср давомида жабр кўриб келди. Ахир, уруш даври эмас-ку! Қувурдан газ келмай қолиши, кейин эса, ҳеч бир огоҳлантиришсиз, яна келиб қолиши, натижада печлар ёки ёпиқ хоналарда газ тўпланиши, қайта ёқишга уринилганда куйиб қолиш ва ёниб кетиш, ҳатто бутун оилаларнинг ёниб кетиши ҳолатлари – булар «бахтсиз ҳодиса»га йўйилиб, газ етказиб бериш қоидаларига хилоф равишда, огоҳлантиришсиз газни узган масъул ташкилотларнинг сувдан қуруқ чиқиши билан муттасил якунланиб келди.

Аҳолига газ етказиб бериш соҳасида инфраструктуранинг эскириб кетгани, хусусан, қувурлардаги газ босимини бир меъёрда тутиб турувчи ускуналарнинг яроқлилик муддати ўтиб кетгани – янгиланмагани натижасида юзага келган бу вазият ҳамон сақланиб қолмоқда, газ ҳали ҳам ўша-ўша – «ўйноқи».  

«Kun.uz» бу борадаги ҳолат мониторингини амалга оширишни мақсад қилди. Қаерда газ босими турғунсизлиги, «ўчиб-ёниш» ҳолатлари кузатилаётган бўлса, сайт таҳририятига хабар бериш сўралади. Бундан мақсад – ҳолатни ўрганиб, йиғилган маълумотлар асосида муаммонинг умумий манзарасини шакллантириш ва вазиятга масъул идоралар эътиборини қаратишдир. Зеро, инсон ҳаёти ва саломатлиги муҳим қадриятдир.

Мурожаатларни info@kun.uz электрон манзилига юбориш ёки телеграмда +998 (95) 146 23 23 рақами орқали йўллаш мумкин.

Мавзуга оид