Ўзбекистон | 20:10 / 15.05.2026
1875
2 дақиқада ўқилади

Эҳтиёжманд оилаларга бериладиган компенсация миқдорлари оширилади

Электр энергияси учун базавий меъёрдан ошган 150 кВт·соатгача бериладиган компенсация 30 минг сўмдан 37,5 минг сўмга ҳамда табиий газ учун иситиш мавсумида базавий меъёрдан ошган 250 куб метргача компенсация 200 минг сўмдан 225 минг сўмга оширилади.

Фото: ЎзА

Эҳтиёжманд оилаларга электр энергияси ва табиий газ учун давлат томонидан ажратилаётган компенсация тўловлари давом эттирилади, деб маълум қилди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.

Агентликнинг қайд этишича, президент қарорига мувофиқ, эҳтиёжманд оилаларга ҳар ойда истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун давлат томонидан компенсация тўловлари тўлаб борилмоқда.

Электр энергияси учун ойига базавий меъёр (200 кВт·соат) ошган қисмдан кейин 150 кВт·соатгача ҳамда табиий газ учун қиш ойларида базавий меъёрдан ошган 250 куб метргача, бошқа ойларда эса 150 куб метргача бўлган қисми учун компенсация берилади.

Маълум қилинишича, 2026 йил 1 июндан электр энергияси ва табиий газ янги тарифлари жорий этилиши муносабати билан эҳтиёжманд оилалар учун ажратиладиган компенсация миқдорлари ҳам оширилади.

Янги тартибга мувофиқ, электр энергияси учун базавий меъёрдан ошган 150 кВт·соатгача бериладиган компенсация 30 минг сўмдан 37,5 минг сўмга ҳамда табиий газ учун иситиш мавсумида базавий меъёрдан ошган 250 куб метргача компенсация 200 минг сўмдан 225 минг сўмга оширилади.

Бошқа мавсумларда базавий меъёрдан ошган 150 куб метрга компенсация 120 минг сўмдан 135 минг сўмга оширилади.

Компенсация олиш учун маҳалладаги ижтимоий ходимга, тумандаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига ёки Агентликнинг «1140» колл-марказига мурожаат қилиш мумкинлиги эслатилган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид