Ўзбекистон | 11:03 / 17.10.2018
13057
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун кучга кирди  

Фото: 123RF

Ўзбекистон Республикасининг президенти 2018 йил 16 октябрь куни “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи” томонидан эълон қилинган.

Қайд этилишича, ушбу Қонуннинг мақсади хусусий бандлик агентликларининг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Билдирилишича, хусусий бандлик агентлиги иш қидираётган шахсларга иш танлаш ва ишга жойлашиш бўйича, иш берувчилар учун кадрлар танлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатувчи тижорат ташкилотидир.

Хусусий бандлик агентлиги олий маълумотли раҳбарни қўшиб ҳисоблаганда камида икки нафар ходимга эга бўлиши керак.

Хусусий бандлик агентликлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, камситишга йўл қўймасликдан иборатдир.

Хусусий бандлик агентликлари юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилиши мумкин.

Хусусий бандлик агентлиги давлат органлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва диний ташкилотлар томонидан тузилиши мумкин эмас.

Хусусий бандлик агентликларини давлат рўйхатидан ўтказиш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.

Давлат хизматлари марказлари аризачига уни хусусий бандлик агентлиги сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни ушбу агентликни тузиш мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан рад этишга ёки қонунда назарда тутилмаган қўшимча талаблар белгилашга ҳақли эмас.

Аризачини хусусий бандлик агентлиги сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказиш муддатларининг бузилиши устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарори, шунингдек унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) суд томонидан ғайриқонуний деб топилган тақдирда, улар рўйхатдан ўтказишни рад этиш ёки рўйхатдан ўтказиш муддатини бузиш туфайли аризачига етказилган зарарнинг ўрнини қоплайди ҳамда маънавий зиённи компенсация қилади.

Хусусий бандлик агентликлари қуйидаги хизмат турларини кўрсатиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш;
иш берувчилар учун кадрлар танлаш;
Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш;
ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш бўйича хизматлар хусусий бандлик агентлиги ва иш қидираётган шахс ўртасида тузилган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш бўйича хизматлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

иш қидираётган шахслар тўғрисидаги ахборотни иш берувчилар ўртасида тарқатиш, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тарқатиш;
бўш иш ўринларига эга бўлган иш берувчиларни излашни амалга ошириш;
иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш берувчилар билан музокаралар ўтказиш;
иш берувчилар ва иш қидираётган шахслар ўртасидаги суҳбатга тайёргарлик кўриш ҳамда музокараларда (суҳбатларда) иштирок этиш;
иш берувчилар ва иш қидираётган шахслар ўртасидаги меҳнат шартномалари лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш.

Иш берувчилар учун кадрлар танлаш бўйича хизматлар хусусий бандлик агентлиги ва иш берувчи ўртасида тузилган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида кўрсатилади.

Иш берувчилар учун кадрлар танлаш бўйича хизматлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

иш берувчиларда мавжуд бўлган бўш иш ўринлари тўғрисидаги ахборотни тарқатиш, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тарқатиш;
ишга жойлаштириш учун мақбул номзодларни излашни амалга ошириш;
ишга жойлаштириш учун номзодлар билан музокаралар ўтказиш;
иш берувчилар ва бўш иш ўринларини эгаллашга номзодлар ўртасидаги музокараларда (суҳбатларда) иштирок этиш;
иш берувчилар ва иш қидираётган шахслар ўртасидаги меҳнат шартномалари лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш.

Хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлари уларда Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар хусусий бандлик агентлиги ва иш қидираётган шахс ўртасида тузилган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида кўрсатилади ҳамда қуйидагиларни ўз ичига олади:

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш масаласи бўйича чет эллик шериклар билан ўз ваколатлари доирасида музокаралар (суҳбатлар) ўтказиш, шартномалар, битимлар ва баённомаларнинг лойиҳаларини тайёрлаш;
эҳтимол тутилган иш берувчиларни қидириш, хорижий мамлакатларнинг меҳнат бозорини ўрганиш асосида бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларга ахборот тақдим этиш;
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида меҳнат фаолиятини амалга оширишни хоҳлаётган шахслар ҳақидаги ахборотни фақат уларнинг розилиги билан чет эллик иш берувчилар ўртасида тарқатиш;
иш қидираётган шахсларга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун дастлабки тайёргарлик тадбирларини ўтказиш йўли билан кўмаклашиш;
Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлашадиган мамлакатда бўлиш қоидалари, меҳнат шароитлари, ижтимоий ва уй-жой-маиший таъминоти, чет эллик иш берувчилар билан меҳнат шартномаларини тузишнинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида хабардор қилиш;
Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахслар билан иш берувчилар ўртасида меҳнат шартномаларини тузишга кўмаклашиш.

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун хусусий бандлик агентликлари захира қилинадиган сумма сарфланган тақдирда маблағларнинг ўрнини тўлдириш, шунингдек лицензия тугатилган ёки бекор қилинган тақдирда маблағларни қайтариш шартлари билан эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захира қилиб қўяди.

Ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари хусусий бандлик агентликлари томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида ёки бепул кўрсатилади.

Ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари буюртмачини меҳнат бозори ҳолатининг таҳлили ва прогнози ҳамда унинг иштирокчилари, мазкур бозорнинг конъюнктураси, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳақидаги ахборот билан таъминлашни, шунингдек ишга жойлаштириш соҳасидаги бошқа ахборотни тақдим этишни ўз ичига олади.

Хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома хусусий бандлик агентлиги томонидан иш қидираётган шахс ва (ёки) иш берувчи билан ёзма шаклда тузилади.

Хусусий бандлик агентликлари томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

хизматларнинг мазмуни;
хизматлар кўрсатиш муддатлари;
хизматлар кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлаш миқдори ва шартлари;
шартнома тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
шартнома мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун тарафларнинг жавобгарлиги;
шартномани бекор қилиш тартиби ва шартлари;
шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда пул маблағларини қайтариш тартиби;
Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилган тақдирда, хусусий бандлик агентлигида лицензия мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар, лицензиянинг тартиб (рўйхатдан ўтказиш) рақами ва берилган санаси кўрсатилган ҳолда.

Мавзуга оид