Ўзбекистон Республикасининг президенти 2018 йил 16 октябрь куни “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи” томонидан эълон қилинган.
Қайд этилишича, ушбу Қонуннинг мақсади хусусий бандлик агентликларининг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Билдирилишича, хусусий бандлик агентлиги иш қидираётган шахсларга иш танлаш ва ишга жойлашиш бўйича, иш берувчилар учун кадрлар танлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатувчи тижорат ташкилотидир.
Хусусий бандлик агентлиги олий маълумотли раҳбарни қўшиб ҳисоблаганда камида икки нафар ходимга эга бўлиши керак.
Хусусий бандлик агентликлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, камситишга йўл қўймасликдан иборатдир.
Хусусий бандлик агентликлари юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилиши мумкин.
Хусусий бандлик агентлиги давлат органлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва диний ташкилотлар томонидан тузилиши мумкин эмас.
Хусусий бандлик агентликларини давлат рўйхатидан ўтказиш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.
Давлат хизматлари марказлари аризачига уни хусусий бандлик агентлиги сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни ушбу агентликни тузиш мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан рад этишга ёки қонунда назарда тутилмаган қўшимча талаблар белгилашга ҳақли эмас.
Аризачини хусусий бандлик агентлиги сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказиш муддатларининг бузилиши устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарори, шунингдек унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) суд томонидан ғайриқонуний деб топилган тақдирда, улар рўйхатдан ўтказишни рад этиш ёки рўйхатдан ўтказиш муддатини бузиш туфайли аризачига етказилган зарарнинг ўрнини қоплайди ҳамда маънавий зиённи компенсация қилади.
Хусусий бандлик агентликлари қуйидаги хизмат турларини кўрсатиши мумкин:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш;
иш берувчилар учун кадрлар танлаш;
Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш;















