Жаҳон | 18:42 / 20.10.2018
14407
2 дақиқада ўқилади

ЖАРда мудҳиш ЙТҲ, 27 киши ҳалок бўлди

Фото: AP

Жанубий Африка Республикаси шимолидаги Лимпопо провинциясида микроавтобус ва яна бир нечта автомобиль иштирокидаги йирик ЙТҲ оқибатида йигирма етти киши, жумладан, икки нафар ёш бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда News 24 портали полиция вакилига асосан хабар қилмоқда.

Ҳодиса жума куни тушдан кейин Кейптаун ва Бейтбрижни боғлайдиган автомобиль йўлида содир бўлган. Маҳаллий полиция вакили Моатше Ньюпенинг сўзларига кўра, воқеа оқибатида тўрт киши жароҳат олган, уларнинг бари шифохонага ётқизилган.

«Соат тахминан 14:30да (Тошкент вақти билан 17:30) N1 йўли бўйлаб жанубга қараб ҳаракатланиб кетаётган цементли юк машинаси бошқарувни йўқотди ва қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, у ерда бошқа автомашиналар билан тўқнашди», - деди у. Унинг сўзларига кўра, улардан бири 22 ўринли Mercedes Benz микроавтобуси бўлган.

Полиция ушбу ҳодисанинг аниқ сабабини аниқлаштирмоқда. Лимпопо провинцияси транспорт бошқармаси маълумотларига кўра, юк машинаси ҳайдовчиси автомобилнинг шинаси ёрилиб кетгани туфайли транспорт воситаси бошқарувини йўқотган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 9 ой давомида ЙТҲ оқибатида неча киши ҳалок бўлгани айтилганди.

Мавзуга оид