Жаҳон | 07:52 / 21.10.2018
3173
2 дақиқада ўқилади

Мадуро Марказий Америкадаги миграцион инқирозда капитализмни айблади

Фото: REUTERS

Венесуэла президенти Николас Мадуро Марказий Америкадаги миграцион инқирозга капиталистик тизим айбдор эканлигини билдирди. Унинг баёноти республика алоқа ва ахборот вазирлиги сайтида эълон қилинди.

"Бунга ким жавобгар? Марказий Америка мамлакатларида ҳукм сураётган капитализм, неоколониал қарамлик! Марказий Америкадаги ҳукмдорларнинг гринго империясига тобелиги", - дейилади Мадуро баёнотида.

Унинг фикрича, Америка капитализми "Марказий Американи қашшоқлик, қолоқлик, зарурат, чексиз ҳукмронликка олиб келди". 

"Венесуэла Қўшма штатлар ҳукуматини инсониятни, қонунийликни ҳурмат қилишга ва чегарани очишга чақиради. Минглаб миллион пулларни ракета ва бомбалар ўрнига Марказий Америка халқларини қўллаб-қувватлашга сарфланг", деди Мадуро.

Чоршанба куни Мексика ҳукумати гондураслик мигрантлар оқими яқинлашаётгани сабабли Гватемала билан чегарага қўшимча 500 нафар полициячини жўнатишга қарор қилди. Сешанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп Гондурас, Гватемала ва Сальвадор ҳукуматларини ушбу давлатлар орқали АҚШга ноқонуний миграцияни чеклаш бўйича чоралар қабул қилмаса, уларга молиявий ёрдам ажратиш тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид