Жаҳон | 13:01
708
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Венесуэла дипломатик муносабатларни тикламоқда

Вашингтон Венесуэла халқига “демократик йўл билан сайланган ҳукуматга тинч ўтиш учун шароит яратадиган босқичма-босқич жараён” доирасида олға силжишга ёрдам беришда давом этишини маълум қилди.

Фото: Celal Gunes/AA/picture alliance

Вашингтон ва Венесуэланинг вақтинчалик ҳокимияти дипломатик ва консуллик муносабатларини тиклаш тўғрисида келишиб олди. Бу ҳақда 5 март, пайшанба куни АҚШ Давлат департаменти маълум қилди. “Бу қадам барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий тикланишни қўллаб-қувватлаш ва Венесуэлада сиёсий ярашувни илгари суриш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларимизга хизмат қилади”, — деб таъкидланди Америка ташқи сиёсий идорасида.

Вашингтон Венесуэла халқига “демократик йўл билан сайланган ҳукуматга тинч ўтиш учун шароит яратадиган босқичма-босқич жараён” доирасида олға силжишга ёрдам беришда давом этишини билдирди. Давлат департаменти таъкидлашича, Қўшма Штатлар минтақадаги ҳамкорлар билан биргаликда барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорликка содиқ бўлиб қолади.

Бундан олдин, 27 феврал куни, Венесуэланинг вақтинча президент вазифасини бажарувчи Делси Родригес АҚШ президенти Доналд Трампни ўз мамлакатига нисбатан санкцияларни бекор қилишга ва Венесуэла нефтига қўйилган блокадани олиб ташлашга чақирган эди. Родригес 2025 йил январ бошида Қўшма Штатлар томонидан Николас Мадуронинг ҳокимиятдан ағдарилишига қарамай, икки мамлакатни бир-бирига “дўст” деб ҳисоблашини таъкидлади. У, шунингдек, Каракас ҳукумати “АҚШ билан ҳамкорликнинг янги кун тартибини очиш”га интилмоқда, деб баёнот берди.

Николас Мадуро америкалик ҳарбийлар томонидан қўлга олинганидан кейин Родригес Вашингтон билан ҳамкорлик қила бошлади. Венесуэла ҳокимияти сиёсий маҳбусларга нисбатан амнистия тўғрисида қонун қабул қилди, бу эса ҳукуматга қарши намойишлар айрим иштирокчиларини, шунингдек Мадуро режimini қўллаб-қувватлашдан бош тортган собиқ амалдорлар ва ҳарбийларни жавобгарликдан озод қилди.

Родригес, шунингдек, фойдали қазилмалар тўғрисидаги қонунларнинг йирик ислоҳотига эришди, бу эса Венесуэланинг нефт секторини хорижий инвестициялар учун очди. 24 феврал куни мурожаатида Доналд Трамп АҚШ аллақачон Венесуэладан — Вашингтоннинг “янги дўсти ва ҳамкори”дан тахминан 89 миллион баррел нефт олганини айтди.

Николас Мадуро 3 январ куни америкалик ҳарбийлар томонидан қўлга олинган ва АҚШга олиб кетилган. У Ню-Йоркда ҳибсда сақланмоқда ва унга қарши “наркотерроризм” айблови бўйича суд бўлиши кутилмоқда.

Венесуэла Олий суди Делси Родригесни вақтинча президент этиб тайинлади. Унинг Мадуро даврида вице-президент бўлганига қарамай, у Доналд Трампнинг қўллаб-қувватловига эга. Венесуэланинг нефт захираларига қизиққан АҚШ маъмурияти Родригесга сиёсий маҳбусларни озод қилишга эришиш мақсадида босим ўтказмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид