11:50 / 23.10.2018
39705

Бўка туманига янги прокурор тайинланди. У Бобомурод Абдулла ишида қораловчи бўлганди

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Тошкент вилояти Бўка туманига янги прокурор тайинланди. «Kun.uz» манбаси хабар беришича, эндиликда бу лавозимни Баҳром Қобилов эгаллаган. 

Собиқ прокурор 14 октябрь кунги селектор вақтида пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларидаги камчиликлар учун ишдан олинган прокурорлар ичида бўлган.

Баҳром Қобилов турли йилларда Тошкент шаҳар Миробод тумани прокуратурасида терговчи, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармасида алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчи лавозимларида ишлаган.

Кейинроқ бошқарма прокурори, шу йилнинг май ойида эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси бошлиғи лавозимига тайинланган Коленко Евгений Вячеславович ўрнига бошқарма бошлиғи ўринбосарига айланганди.

Прокурор Баҳром Қобилов журналист Бобомурод Абдулла ишида давлат қораловчиси сифатида иштирок этганди.

У шу йилнинг июнида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимидан истеъфога чиққанди ва Тошкент вилояти прокуратурасида бўлим бошлиғи сифатида фаолиятини давом эттираётганди.

Эслатиб ўтамиз, 12 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўка туманига ташриф буюриб, пахта теримини кўздан кечирганди. Президент ташрифи давомида қатор камчиликлар аниқланган. Айрим давлат амалдорларининг фаолияти танқидга учраган.

Мавзу
Пахта-2018
Ўзбекистонда 2018 йилги пахта терими мавсуми бўлиб ўтмоқда
Барчаси
Top