19:29 / 23.10.2018
12850

​Ўзбекистонлик разведкачилар «​Кембрия патрули»​ танловида ғолиб бўлишди​

15−17 октябрь кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари гуруҳи Буюк Британияда разведка бўлинмалари ўртасидаги «Кембрия патрули» халқаро мусобақасида иштирок этиб, халқаро танловда биринчиликни қўлга кирит​ишди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, мусобақада 34 давлатдан 123та жамоа қатнашди. «Кембрия патрули»  40 йилдан буён Уэльсда анъанавий равишда ўтказиб келинадиган мусобақа ҳисобланади. Ушбу танлов дунё ҳарбий хизматчилари ичида ўтказиладиган энг мураккаб ва нуфузли тадбирлардан бири ҳисобланиб, уни махсус бўлинмаларга саралаш жараёни билан ҳам таққослашади. Бунда асосий эътибор ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигига қаратилган.

Иштирокчилар Кембрия тоғларида тўлиқ жанговар қуролланган ҳолда ҳеч қандай навигация воситаларисиз камида 25 кг юк билан 70 км масофани босиб ўтишда 1500 м баландликка кўтарилиб, 1000 м тик нишабликни 48 соат ичида босиб ўтишлари лозим.

2017 йилда мазкур мусобақада 29 мамлакатдан 139та жамоа қатнашган эди. Унда биринчи марта иштирок этган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси фахрли иккинчи ўринни забт этган бўлса, бу йилги танловга қатъий тайёргарлик ва аниқ мақсадлар билан борган ҳарбийлар мезбон давлат вакиллари билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Иккинчи ўрин Буюк Британия, Ҳиндистон ва Франция жамоаларига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Буюк Британия ва Қозоғистондан келган жамоалар эгаллади. Қизиқарли жиҳат, ушбу танловда Англиянинг 90та жамоаси иштирок этган. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейида ғолибларни шарафлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Тадбирда мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий мамлакат элчихоналарининг ҳарбий атташелари, ғолиб жамоа ва уларнинг яқинлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Кеча, 22 октябрь куни Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида «​Кембрия патрули»​ танловининг ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Абдусалом Азизов мамлакатимизга олтин медаллар билан келган ғолиб жамоа аъзоларини қутлади ва ўтган йилларга нисбатан вазирлик қўшинларида жанговар тайёргарлик машғулотлари бир неча марта ҳам сифат, ҳам сони бўйича кўпайгани эвазига мана шундай ютуқларга эришилаётганини таъкидлади.

«​Президентимизнинг жорий йилда Бухоро вилоятида жойлашган ҳарбий қисмга ташрифи давомида ўтган йилда “Кембрия патрули” танловида иккинчи ўринни қўлга киритган қўшин разведкачиларимиз бу йилда, албатта, ғолиблик шоҳсупасини эгаллаб, ёруғ юз билан Ватанга қайтишга ваъда беришганди ва бунинг уддасидан чиқишди. Бир ҳақиқатни тан олишимиз керак – бундай ғалабага Ватанни севмасдан, унга содиқ бўлмасдан эришиб бўлмасди»,​ – деди Абдусалом Азизов.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган ғолиб ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига миннатдорчилик билдирилди. Тўққиз нафар танлов ғолиби Ўзбекистон мудофаа вазирининг “Намунали хизмати учун” кўкрак нишони ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшин разведкачилари 2017 ва 2018 йилда III ва IV Халқаро армия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, мусобақаларнинг «​Қўшин разведкаси аълочилари»​ танловида икки йил давомида учинчи ўринга сазовор бўлишган эди.

Top