Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жар ёқасига келиб қолган Бўрижар. Зангиотада табиатга муносабат қандай?
«Kun.uz» таҳририятига Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан мурожаат келиб тушди. Унда ҳудуд табиати ифлосланаётгани, бунга ҳеч ким эътибор қаратмаётгани ҳақида сўз юритилган. Вазиятни яқиндан ўрганиш мақсадида Зангиота туманига йўл олдик.
Мурожаат эгалари туманда фаолият юритувчи бир гуруҳ тадбиркорлар эди. Улар «Бўрижар» жарлиги яқинида фаолият юритиб келишади. Бу жарлик ёғингарчилик вақтида ёмғир сувлари ва ерости сизоб сувлари тўпланиши учун хизмат қилади. Яқин вақтларгача жарлик ўзанида сув оққан, ҳудуд баҳаво, хушманзара жой бўлган. Аммо ҳозирги кунда жарлик ачинарли ҳолатга тушиб қолган.


«Авваллари бу ерга келиб дам олар, сайиллар ўтказардик. Балиқ овлаб ўтирардик. Доим тиниқ сув оқиб турарди. Ҳозирги кунда эса жарлик атрофида нафас олиб бўлмай қолган. Ҳаммаёқ қурилиш чиқиндилари билан тўлган. Жарликни тозалаш ўрнига, унинг ҳудуди торайтирилмоқда. Чеккаларига чиқиндилар билан аралашган тупроқ тортилиб, сунъий ҳудуд яратилмоқда. Бу ишлар қўшни тадбиркор томонидан қилинмоқда. Биз бу масалада кўп жойларга мурожаат қилдик. Мақсадимиз бир тадбиркорнинг «бурнини қонатиш» эмас, табиат ифлосланишининг олдини олиш, бунга қарши ўз вақтида чора кўрилиши», - дейди «VAHOBJON QURILISH» МЧЖ раҳбари Ҳасан Аҳмедов.
Ўз вақтида бу жойга ҳокимият вакиллари келган ва тадбиркорларга ҳудудни ободонлаштириш ишлари ташкил этилиши кераклигини айтишган. Ҳар бир тадбиркор маълум ҳудудни ободонлаштиришни ўз зиммасига олган.
«Мен ўз ҳудудимни обод қилиш учун бел боғлагандим. Бошқа тадбиркорлар билан келишиб, ҳудудда боғ яратиш истагида мевали кўчатлар ўтқаза бошладик. Лекин қўшни тадбиркор келди, ҳаммаси ўзгариб кетди. Жарлик қисқартирилиб, қурилиш чиқиндиларга тўлдирила бошланди. Натижада, ҳудуд ҳавоси, тупроқ ҳолати ёмонлашди. Биз эккан мева кўчатлари ҳам қуриб битди», - дея таъкидлаб ўтди шу ҳудудда жойлашган «ALKON-SINO» ШК раҳбари Абдурашид Қосимов.
Шундан сўнг, ҳудуддаги бошқа корхона - «MAXMASTER PRINT» МЧЖ иш бошқарувчиси Ҳусан Аҳмедов билан суҳбатлашдик. Бу киши корхона биносида пайдо бўлаётган ёриқлардан хавотирда эканлигини айтди. Бинодаги ёриқлар фақатгина бир-икки жойда эмас, бир неча жойда эканига гувоҳ бўлдик.
«BUYUK TURON TRANS» МЧЖ раҳбар муовини Шавкат Максудов жарлик ҳудудидаги тўпланиб қолган, деярли ботқоқликка айланиб қолган сувларга эътиборимизни қаратди.
«Жарликдаги сув доим оқиб турган. Бу сувлар оқиб бориб, Бўзсувга туташган. Жарликнинг оқим ҳаракатланувчи ерлари кўтарилгани учун сув бир жойга тўпланиб қолди ва натижада сув ботқоқликка айланмоқда», дейди у.
Тадбиркорларнинг сўзларини тинглаганимиздан сўнг, айнан шу жойнинг ҳозирги кундаги эгаси бўлган, тадбиркор Азиз Бобожонов билан учрашмоқчи бўлдик. Бу ерда бизни тадбиркорнинг отаси, шу билан бирга, иш бошқарувчиси Озод ака кутиб олди. У кишининг айтишига кўра, бу жойлар аввал ҳудуддан чиққан чиқиндилар тўпланувчи жой бўлган.

«Бу ерларни тозалайвериб эсим кетди. Бу ердаги корхоналар, ташкилотлар ўзидан чиққан чиқиндиларни шу жойга ташлаб кетишмоқда. Бу ҳали сувни ҳам оқадиган ҳолга келтирганим. Авваллари бундан ҳам расво ҳолатда эди. Ҳокимият менга бу жойни ободонлаштириш учун берганди. Қўлимдан келганини қилаяпман», дейди у.
Шундан сўнг, туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясига йўл олдик. Бу жойда инспекция раҳбари Абзалхон Сариков бизга қуйидагиларни сўзлаб берди.

«Аслида, ҳудудда бу фуқаро боғлар яратиши, ободонлаштириш ишлари олиб бориши керак эди. Экологик экспертизага асосан сувнинг, ернинг ҳолати ўрганилган, шундан сўнг прокурор протест келтирган. Шикоятларни ўрганганимизда, биттасида сув димланиб қолганига гувоҳ бўлдик. Шу сабабли бизнинг ҳудуддан сувлар чиқиб кетяпти, дейишган. Яна бирида чиқиндилар масаласи айтилган. Январда вилоят бошқармамиз билан тезкор рейд ўтказилган. Давлат экологик экспертизаси хулосасида чиқиндиларни махсус полигонларга тўкиш кўрсатилган. Чиқиндиларни ҳам тўкиш меъёри бўлади. Табиат ҳам ҳазм қила оладиган меъёр мавжуд. Тадбиркорлар чиқиндиларни ушбу меъёр даражасида чиқаришига эътибор қаратиши лозим. Фойда ортидан қувмай, табиатни ҳам ўйлаш керак. Сув масаласига келсак, Вазирлар Маҳкамасининг 174-сонли қарорига асосан сувнинг оқимига ҳеч нарса халақит қилмаслиги лозим, деб кўрсатилган. Бир ой аввал ўрганганимизда сув ҳавзалари тозаланиши, ўлчов ишларини қайтадан ўтказиб ҳаммаси жойига қўйиш бўйича кўрсатмалар берилган. Тадбиркор йўлларни тайёрлаб, жойларни тозалашга ваъда берганди», - дея тушунтириш берди Абзалхон Сариков.
Инспекция раҳбари билан суҳбатдан сўнг, Зангиота тумани ҳокимиятига йўл олдик. Бу жойга келганимизда эшик олдида ўзини туман ҳокимининг ёрдамчиси деб таништирган Абдулло исмли йигит билан тўқнаш келдик. Аҳолининг арз-додларини етказмоқчилигимиз, шу сабабли ҳоким билан кўришишимиз зарур эканлигини айтдик. Бироқ ҳоким ёрдамчисининг «Қандай қилиб? Ахир, у ҳоким-ку», деган жавоби бизни таажжубга солди. Биз-ку, журналист сифатида аҳоли дарди билан келдик. Ўз манфаатимиз сабаб фуқаро сифатида келганимизда нима бўларди?

Шундан сўнг, масалага тўғридан-тўғри ваколатли шахс Зангиота туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Аваз Мавлянов билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.
«Ҳозирги кунда бу турдаги канал ва сув ҳавзаларини тозалаш бўйича 1406-сонли ҳоким қарори чиқарилган. Шу қарор асосида тозалаш ишлари ўтказилмоқда. Ўтган йили 4 км жарликни тозалаш ишлари ўтказилган. Сизоб сувлар сатҳини 2 метрга камайтиришга эришилган. Лекин ҳозирги кунда баъзи бир шахслар томонидан чиқиндиларни ташлаш ҳолатлари кузатилмоқда. Тадбиркорлик - бу табиат билан ҳазиллашиши керак, дегани эмас. Табиий жарликларни кўмиб юбориш жуда хавфли. Ҳозирги кунда жарнинг атрофларини бўлиб бермоқдамиз. Тадбиркорларга ўз ҳудудларининг жар қисмини обод қилиш тайинланмоқда. Ҳаммамиз табиат учун бирга курашишимиз керак. Табиат билан ҳазиллашадиган ноинсоф тадбиркорларга орамизда жой йўқ. Биз томонимиздан зудлик билан чора кўрилади», дея ваъда берди ҳоким ўринбосари.

Ҳокимият вакилининг сўзларидан сўнг, бу ҳолатдан хабар топиб, назоратга олишини сўраш ниятида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ҳам хабар беришга қарор қилдик. Аммо расмий сайтда келтирилган ишонч телефон рақами орқали боғланишга бўлган ҳаракатларимиз зое кетди.
Ишонамизки, бу муаммо тез орада мутасадди ташкилотлар томонидан ҳал этилади ва доимий назоратга олинади. Мақсадимиз она табиатни сақлаб қолиш. Зеро уни келажак авлодларга бус-бутун топшириш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
“KUN.UZ” воқеалар ривожини кузатиб боради.
Мухбир: Баҳодир Ахмедов
Оператор: Шерзод Эгамбердиев
Мавзуга оид
22:18 / 04.06.2026
Зангиотадаги темирйўл кесишмаси ўрнида йўл ўтказгич қурилади
21:27 / 28.03.2026
Тошкентда 108 туп дарахт ноқонуний кўчириб ўтқазилганлиги аниқланди
20:51 / 25.01.2026
Зангиотада носоз филтрдан фойдаланаётган иссиқхоналарга чора кўрилди
07:43 / 14.01.2026